Мадриднинг “Реал” клуби раҳбарияти жамоа бош мураббийи Хаби Алонсога ҳали ҳам тўлиқ ишонч билдираётгани айтилмоқда. Бу ҳақда Marca нашри хабар берди. Унга кўра, “қаймоқранглилар” Ла Лига пешқадамлигини бой берган бўлса-да, клуб ичидагилар испаниялик мутахассисни ишдан бўшатиш ҳақида ўйламаяпти.
Манбага ёзилишича, “Реал” Алонсо тақдирини белгилаб берадиган аниқ ўйинлар ёки муддатлар белгиламаган. Клуб раҳбарияти жамоа ҳали ҳам кучли эканини, шунингдек кўплаб жароҳатлар сабаб барқарорликни сақлаш қийинлашганини яхши тушунмоқда. Шунга қарамай, “Олимпиакос” (3:4) ва “Жирона” (1:1) каби жамоаларга қарши учрашувларида клубнинг ўйинида ижобий ўсиш кўрингани таъкидланмоқда.
3 декабрь куни бўлиб ўтадиган “Атлетик” (Бильбао)га қарши учрашув вазиятни яхшилаш учун имконият сифатида кўрилмоқда. Бироқ бу ўйин Алонсо тақдирини ҳал қилувчи учрашув бўлмайди, дея қўшимча қилади манба.
Маълумот учун, айни пайтда “Реал” Ла Лига турнир жадвалида 33 очко билан 2-поғонани эгаллаб турибди. “Қироллик клуби” асосий рақобатчиси “Барселона”дан 4 очкога ортда қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ кутилмаган натижалар қайд этаётган “Реал Мадрид”да ички вазият янада мураккаблашаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Клубга яқин манбаларнинг ёзишича, жамоа ўйинидаги инқирозга биргина мураббий Хаби Алонсо эмас, балки етакчи футболчиларнинг ўзаро мослаша олмаётгани ҳам сабаб сифатида кўрсатилмоқда.








