Мадриднинг “Реал” клубида ҳужумчи Килиан Мбаппе жамоа умид қилган етакчига айланмаган, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда COPE нашри хабар бермоқда.
Манбанинг таъкидлашича, 27 ёшли франциялик ҳужумчи “на кийиниш хонасида, на бошқа футболчилар орасида етакчи эмас”. Мадрид клуби раҳбарияти Мбаппе мавсум стартини муваффақиятсиз бошлаган бўлса-да, йил давомида ўзини кўрсатишига умид қилганди, аммо улар кутган воқеа содир бўлмади.
Маълумот учун, Мбаппе “ПСЖ” билан шартномаси тугаганидан сўнг, 2024-йилнинг ёзида “Реал” сафига келиб қўшилганди. 2025/26 йилги мавсумда ҳужумчи барча мусобақалар доирасида жами 41 та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига 41 та гол ва 6 та голли узатма ёздириб қўйди.
Февраль ва март ойларида франциялик футболчи тиззасидаги муаммолар сабаб айрим ўйинларни ўтказиб юборганди. 27 апрель куни эса унинг чап оёғининг мушаги жароҳатлангани маълум бўлди. El Chiringuito TV хабарига кўра, Мбаппе жароҳати сабаб мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади. Бироқ бошқа манбаларнинг таъкидлашича, ҳужумчи Испания чемпионати доирасиги “Барселона”га қарши бўладиган “Эл-Класико” ўйинига қадар сафга қайтиш ниятида.








