Испания Ла Лигасининг 30-туридан ўрин олган марказий баҳсда “Барселона” сафарда “Атлетико Мадрид” устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ғалаба ва “Реал”нинг “Мальорка”га ютқазгани (1:2) туфайли “Барселона” турнир жадвалида рақибидан етти очкога ўзиб кетди.
Мадриддаги “Метрополитано” стадионида ўтган учрашувнинг 39-дақиқасида мезбонлар ҳужумчиси Жулиано Симеоне ҳисобни очган бўлса, орадан уч дақиқа ўтиб Маркус Рэшфорд мувозанатни тиклади. Биринчи бўлим якунида Ламин Ямалга нисбатан қўполлик ишлатган Николас Гонсалес тўғридан-тўғри қизил карточка олди. Натижада, “Атлетико” бир киши кам бўлиб ўйинни давом эттиришга мажбур бўлди. Иккинчи бўлим охирида, аниқроғи 87-дақиқада Роберт Левандовски ҳал қилувчи голни уриб, “кўк-анорранглилар”га муҳим уч очкони тақдим этди.
Ушбу ғалабадан сўнг “Барселона” 76 очко билан пешқадамликни давом эттирмоқда, иккинчи ўриндаги “Реал” ҳисобида эса 69 очко бор. “Атлетико” 57 очко билан тўртинчи поғонада қолди. Навбатдаги турда Ҳанси-Дитер Флик шогирдлари “Эспанёл” билан куч синашади, Мадрид клублари эса мос равишда “Жирона” ва “Севилья”га қарши майдонга тушади. Чемпионлик тақдири ҳал бўлиши кутилаётган навбатдаги “Эл-Класико” эса 10 май куни “Spotify Камп Ноу”да бўлиб ўтади.
Испания Ла Лигаси, 30-тур
“Атлетико” — “Барселона” 1:2
Голлар: 1:0 — Симеоне (39), 1:1 — Рэшфорд (42), 1:2 — Левандовски (87).








