Daryo

Тошкентда она-бола наркосавдогарлар қўлга олинди (видео)

Улар Тожикистон фуқаролари томонидан яширин жойга қолдирилган гиёҳвандлик воситасини олиб кетиш учун йўлга чиққани аниқланган. Пискент тумани ҳудудида йўл четига яширилган 4 кг 985 г “гашиш” моддаси далилий ашё сифатида олинган.

2 дақиқа ўқиш1 878 кўришлар0 изоҳ0

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари, шунингдек, шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Тожикистондан наркотик моддаларни контрабанда йўли билан олиб кириб, пойтахтда сотиш билан шуғулланиб келган оила аъзолари қўлга олинди.

Тошкент вилоятининг Оҳангарон–Пискент йўналишида ҳаракатланаётган, аввалдан кузатувга олинган Equinox русумли автомобиль тўхтатилиб текширилди. Транспорт воситасида бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи 1976-йилда туғилган аёл ва унинг 1999 йилда туғилган ўгли Тожикистон фуқаролари томонидан яширин жойга қолдирилган гиёҳвандлик воситасини олиб кетиш учун йўлга чиққани аниқланган.

Уларнинг телефонларидан ўтказилган текширувда тожикистонлик шахс томонидан “Telegram” орқали наркотик модданинг геолокацияси ва фотосуратлари юборилгани маълум бўлди. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, Пискент тумани ҳудудида йўл четига яширилган 4 кг 985 г “гашиш” моддаси далилий ашё сифатида олинган.

Шунингдек, аёлнинг Олмазор туманидаги яшаш хонасидан 1 кг 124 г “опий” ҳамда 1 кг 976 г “гашиш” моддаси топилди. Бундан ташқари, аёлнинг 1996-йилда туғилган, аввал судланган ўғли ҳам ушланди.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Гиёҳвандликка қарши курашга доир фармон

Президент гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан кучайтиришга қаратилган янги фармонни имзолади. Фармонга кўра, ташкил этилган наркогуруҳлар, трансчегаравий тарқатиш ёки интернет орқали гиёҳванд моддаларни сотиш билан шуғулланган шахсларга 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланиши мумкин.

Шунингдек, вояга етмаганларни гиёҳвандликка жалб этган ёки таълим муассасаларида тарқатган шахсларга нисбатан жазолар оғирлаштирилади. Жамоат жойларида гиёҳвандлик моддалари истеъмол қилганлик учун эса 15 кунгача маъмурий қамоқ жорий этилади.

Рақамли технологиялар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги 2026 йил 1 июлгача интернет тармоғида наркотик моддаларнинг ноқонуний савдосини аниқлаш ва блоклаш учун сунъий интеллект асосида дастурий тизим ишлаб чиқади. Шу мақсадда ёшлар ўртасида хакатон ўтказилиб, энг самарали технологик ечимлар амалиётга жорий қилинади.

Жиноятлар

Октябрь ойининг бошларида Фарғонада трансчегаравий уюшган наркогуруҳ аъзолари ушланганди. Ўша ойда Афғонистондан Бухорога контрабанда қилинган наркотик модданинг ноқонуний айланмасига чек қўйилганди. Унда 50 килограммга яқин ноқонуний моддалар аниқланганди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар