Бельгия Тошкентда ўз элчихонасини очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 14 ноябрь куни мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёнотида маълум қилинди.
Элчихоналар тармоғини қайта кўриб чиқиш жараёнида 2026—2027 йиллар давомида мамлакат 8 та элчихонасини ёпиб, 5 та янги дипломатик миссияни очмоқчи. Улардан бири — Тошкентда.
Ўзбекистон ва Бельгия қироллиги ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 10 мартда ўрнатилган. Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги биринчи элчихонаси эса 1995 йил июнь ойида очилган. Бунгача Марказий Осиё давлатларидан фақат Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Бельгия элчихонаси мавжуд бўлган. Тошкентда эса фахрий консуллик фаолият юритади.“Марказий Осиё, айниқса, Транскаспий йўлагини (“янги Ипак йўли”) ривожлантириш орқали катта стратегик имкониятларга эга. Бу тез кенгайиб бораётган минтақа бўлиб, Бельгия ўзини кучлироқ намоён қилиши керак. Шунингдек, у Хитой, Россия, Покистон, Ҳиндистон, Эрон ва Афғонистон билан чегарадош муҳим геосиёсий муҳитда жойлашган юқори салоҳиятли минтақадир. Бу келгуси ўнйилликда ривожланишнинг йирик сакрашини бошдан кечирадиган минтақанинг келажагига стратегик сармоядир. Бир қатор хорижий давлатлар буни аллақачон тушуниб етган ва у ерга катта сармоя киритмоқда. Шунинг учун Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида элчихона очамиз”, дейилади баёнотда.
2024 йилнинг март ойида Анри Вантигем Бельгиянинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган. Ғайрат Фозилов эса 2023 йил декабридан буён Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси сифатида фаолият олиб бормоқда.








