Daryo

Президент Ички ишлар органлари ходимларини касб байрами билан табриклади

Шавкат Мирзиёев ўз табригида ички ишлар органларининг сўнгги йилларда “чинакам халқчил тузилмага айлантирилгани”, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида “мустаҳкам замин яратилгани”ни қайд этган.

1 дақиқа ўқиш2 679 кўришлар0 изоҳ0

Шавкат Мирзиёев 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан тизим ходимларига байрам табриги йўллади.

Президент ўз табригида ички ишлар органларининг сўнгги йилларда “чинакам халқчил тузилмага айлантирилгани”, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида “мустаҳкам замин яратилгани”ни қайд этган.

Давлат раҳбари “Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш” ташаббуси асосида ички ишлар органлари ва маҳаллий ташкилотлар ҳамкорлигида “ягона фаолият занжири” шакллантирилганини таъкидлаган.

Шунингдек, “тезкор ёрдам” функциясини бажарувчи ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилгани, ёшлар ва мигрантлар билан ишлаш бўйича алоҳида механизмлар йўлга қўйилгани қайд этилган.

Президентнинг сўзларига кўра, мамлакатда маҳаллаларнинг ярмидан кўпида жиноят содир этилмаган, ёшлар, аёллар ва ишсизлар ўртасида жиноятчилик кескин камайган.

Шавкат Мирзиёев рақамли инфратузилма соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришларга ҳам тўхталиб ўтган:

“Қисқа муддатда вазирлик ва идораларнинг қирққа яқин маълумотлар базаси билан интеграциялашган ‘Хавфсиз шаҳар’ ягона платформаси яратилди, 20 дан ортиқ янги ахборот тизимлари ишга туширилди”.

Шунингдек, “Ягона мигрант” ахборот базаси орқали хорижда бўлган фуқаролар билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилгани, кибержиноятларга қарши комплекс механизмлар жорий этилаётгани таъкидланган.

Президент 2025–2026-ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти” йўналишида дуал таълим асосида мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилганини муҳим қадам сифатида эътироф этган.

Табрик сўнгида Шавкат Мирзиёев “Сизларни бугунги шукуҳли байрам билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик, масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман”, дея ички ишлар органлари ходимларига тилаклар билдирган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар