“Борнмут”нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Антуан Семенё фаолиятини Англия Премьер Лигасининг топ-клубида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар берди.
Манбага кўра, 25 ёшли ганалик футболчига амалдаги чемпион — “Ливерпуль” жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бироқ “Борнмут” футболчини қишки трансфер ойнасида сотмоқчи эмас, шу сабабли трансфер фақат ёзда амалга ошиши мумкин.
Мерсисайдликларнинг мисрлик футболчиси Муҳаммад Салоҳнинг клубдан кетиш эҳтимоли юқори. Шу сабабли “Ливерпуль” клуби раҳбарияти футболчига муносиб ўринбосар қидирмоқда. Семенё эса ушбу позицияга мос футболчи сифатида кўрилмоқда.
“Борнмут” Семенёни 75 миллион евро эвазига трансфер қилишни режалаштирмоқда. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йил июнига қадар тузилган. Transfermarkt портали унинг қийматини 55 миллион еврога баҳоламоқда.
Маълумот учун, жорий мавсум Антуан Англия Премьер Лига доирасида жами 8 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 6 та гол ва 3 та голли узатма ёздириб қўйган.








