Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси “Манчестер Сити”нинг сўнгги машғулотида иштирок этмади. Бу ҳақда CityXtra нашри хабар берди.
Клуб раҳбарияти халқаро танаффус вақтида Ҳусанов жароҳатдан тўлиқ тикланиб, машғулотларга қайтишига умид қилганди. Бироқ ҳозирча бу амалга ошгани йўқ. Чунки клуб раҳбарияти футболчи тўлиқ тикланиб олиш керак деган қарорга келган. Натижада, ҳимоячи 18 октябрь куни бўладиган “Эвертон”га қарши баҳсни ўтказиб юборади.
Шунингдек, испаниялик ярим ҳимоячи Родри ҳам сафга қайтгани йўқ. Манбага кўра, иккала футболчининг йўқлиги ортидан Пеп Гвардиола “Эвертон”га қарши баҳсда тактик ўзгариш қилиши айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ҳусанов 21 сентябрь куни “Арсенал”га қарши кечган (1:1) учрашувда оёғидан жароҳат олган эди. Ўзбекистонлик футболчи жорий мавсумда “Манчестер Сити” сафида жами 5 та учрашувда майдонга тушган. Айни пайтда “Манчестер Сити” Англия Премьер Лигаси турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди.








