Англия Премьер Лигаси 24-туридан ўрин олган “Тоттенҳэм” — “Манчестер Сити” ўртасидаги баҳс 1 февраль, якшанба куни Лондондаги “Ҳоцпур” стадионида бўлиб ўтди. Учрашувда томонлар 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
Учрашувдаги ҳисоб 11-дақиқада Райан Шерки томонидан очилди. Франциялик футболчи Эрлинг Ҳоланднинг узатмасидан сўнг лондонликлар дарвозасини ишғол қилди. Биринчи бўлим якунига яқин “Манчестер Сити” яна бир бор “Тоттенҳэм” дарвозасига йўл топди. Антуан Семеньонинг голи биринчи бўлим “шаҳарликлар”нинг ғалабаси билан якунланишини таъминлади.
Иккинчи бўлим “Тоттенҳэм”нинг устунлиги остида бошланди. Томас Фрэнк бошчилигидаги “шпорлар” рақиб дарвозаси қаршисида кетма-кет хавфли ҳужумлар уюштирди. 53-дақиқада майдон эгалари ҳисобни биттага қисқартирдию “Манчестер Сити” ҳимоячиси Марк Гехи ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Натижада таблодаги ҳисоб 1:2 кўринишини олди.
70-дақиқада эса ҳисоб тенглашди. Конор Галлахернинг ўнг қанотдан узатиб берган тўпини Доминик Соланке “чаён” услубидаги зарбаси билан голга айлантирди — 2:2.
Мазкур ҳисоб учрашув якунига қадар ўзгармади ва жамоалар 24-турда бир очкодан бўлишиб олди. Ушбу натижадан сўнг “Манчестер Сити” 47 очко жамғарган ҳолда АПЛ турнир жадвалида 2-ўринни эгаллаб турибди. 29 очкога эга “Тоттенҳэм” эса 14-поғонадан жой олган.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов учрашувни асосий таркибда бошлаб, тўлиқ ўйин ўтказди. Футболчи 21-дақиқада “Тоттенҳэм” футболчисига нисбатан ишлатган қўполлиги учун сариқ карточка олди.
Англия Премьер Лигаси
24-тур
“Тоттенҳэм” — “Манчестер Сити” 2:2
Голлар: 0:1 — Шерки (11), 0:2 — Семеньо (44), 1:2 — Гехи (53, автогол), 2:2 — Соланке (70)








