
Кун тартибига мувофиқ, ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан очиқ фикр алмашилди.
Хитой Раиси Си Сзинпин Ўзбекистон раҳбарига сўз берар экан, мамлакатимиз етакчиси ва халқини Мустақиллик куни билан қутлади ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон юксак суръатда ривожланиб, мамлакатда ҳаёт яхшилангани ва Хитой томони бундан жуда мамнунлигини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон етакчиси ушбу саммит глобал ноаниқлик шароитида ўтаётганини қайд этган.
Ишончнинг тизимли инқирози, можароларнинг кенгайиб бораётгани, кўп томонлама институтларнинг заифлашиши ва жаҳон савдо тизимининг парчаланиши халқаро хавфсизлик ва барқарорлик архитектураси асосларига путур етказмоқда.
“Бундай шароитда ШҲТ давлатларининг бир-бирини ўзаро тушуниши ва бирдамлиги бу фақат қимматли бойлик эмас, балки бизнинг бепоён минтақамизда тинчликни сақлашнинг калитидир”, деди Шавкат Мирзиёев.Мажлис якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Хусусан, Тянсзин декларацияси, ШҲТни 2035-йилга қадар ривожлантириш стратегияси ҳамда ҳамкорликнинг турли соҳаларида шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим кўп томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.








