Daryo

Тошкент давлат тиббиёт университети талабаси Тошкент-Деҳли самолётида инсон ҳаётини сақлаб қолди

Бўлажак шифокорнинг ўз вақтида кўрсатган ёрдами туфайли ҳаётга хавф солувчи вазиятнинг олди олинган

1 дақиқа ўқиш16 459 кўришлар0 изоҳ0

Тошкент давлат тиббиёт университетининг ҳиндистонлик талабаси Тошкент-Деҳли йўналишидаги самолётда 48 ёшли аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда Маthrubhumi News телеканали хабар бермоқда.

Фото: edu.uz

Воқеа 2025 йил 29 июлда Тошкент-Деҳли йўналишидаги самолёт бортида юз берган. Парвоз пайтида йўловчилардан бирининг аҳволи тўсатдан ёмонлашган. Экипаж йўловчилардан ёрдам сўраганда, Тошкент давлат тиббиёт университети Халқаро факультет талабаси, Ҳиндистон фуқароси Муҳаммад Анис дарҳол жавоб берган.

Талабанинг айтишича, у эълонни эшитиши билан ёрдам беришга шайланган. У 48 ёшли аёлни кўздан кечиргач, унга тахикардия хуружи, яъни ваҳима ва хавотир билан кечаётган юрак уришининг тезлашуви ташхисини қўйган. Самолётдаги чекланган шароитларга қарамай, Анис ўзини йўқотмасдан юрак уришини меъёрлаштирувчи уйқу артериясини уқалаш усулини қўллаган. Атиги 10-15 сониядан сўнг йўловчи аёлнинг аҳволи яхшилана бошлаган.

“Мен ҳали шифокор эмасман, аммо бу касбни ўрганмоқдаман. Бундай вазиятларда ўзини йўқотмаслик муҳим. Энг асосийси, қандай ҳаракат қилиш кераклигини билишдир”, дея таъкидлади Анис.

Самолёт Деҳли халқаро аэропортига қўнгач, беморни шифокорлар кутиб олган. Бўлажак шифокорнинг ўз вақтида кўрсатган ёрдами туфайли ҳаётга хавф солувчи вазиятнинг олди олинган.

“Муҳаммад Анис Ўзбекистондаги нуфузли тиббиёт факультетларидан бирида таълим олмоқда, у ерда юзлаб хорижлик талабалар таҳсил олади. Унинг бу ҳаракати юқори даражадаги тайёргарлик ва биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларининг нақадар муҳимлигини яна бир бор исботлади”, дейилади хабарда.

Andijondanman. Oʻzbekiston Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti hamda Xalqaro Nordik universitetini (magistr) tamomlaganman. “Daryo”da 2019-yildan beri muxbir boʻlib ishlayman va maxsus materiallar, tenderlar, sud hukmlari, tarjimalar bilan shugʻullanaman. 2025-yilda “Oltin qalam” milliy mukofotini olganman. Tarixiy film va seriallarni koʻrishni xush koʻraman. Eng sevimli asarim Togʻay Murodning “Otamdan qolgan dalalar” kitobidir.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар