Ҳиндистонда тиббиёт олийгоҳларига кириш имтиҳонларини қайта топшириш даврида Telegram мессенжери 22 июнгача блокланди, деб хабар бермоқда Reuters.
21 июнь куни мамлакат бўйлаб миллионлаб абитуриентлар тиббиёт олийгоҳларига миллий кириш имтиҳонини (NEET-UG) қайта топширади. Май ойида ўтказилган имтиҳон натижалари саволлар тарқалиб кетгани ҳақидаги айбловлар сабаб бекор қилинган эди.
Имтиҳонни ўтказувчи Миллий имтиҳон агентлиги ушбу қарорни қўллаб-қувватлаб, у “платформадан фирибгарлар томонидан абитуриентларни алдаш мақсадида уюшган тарзда фойдаланилиши”га жавобан қабул қилинганини билдирди.
Қайд этилишича, бир нечта Telegram-каналлар операторлари абитуриентлар ва уларнинг оилаларидан имтиҳон саволлари сифатида тақдим этилган материалларга кириш имкони учун юз минглаб рупий талаб қилган. “Бундай материаллар ҳимояланган имтиҳон тизимидан ташқарида мавжуд эмас”, дейилади идора хабарида.
Интернет фойдаланувчилари ва ҳуқуқ ҳимоячилари мазкур тақиқни танқид қилиб, уни имтиҳонлардаги фирибгарлик билан боғлиқ анча жиддий муаммонинг “вақтинчалик ечими” деб атади.
NEET — Ҳиндистон тиббиёт коллежларига ўқишга киришнинг асосий имтиҳонидир. 2026 йили у 3 майда ўтказилган бўлиб, бутун мамлакат бўйлаб 2,28 миллион киши имтиҳон топширган. Бир неча кундан кейин имтиҳон олдидан саволлар тарқалгани юзасидан хабарлар пайдо бўлди. Бу эса ота-оналар ва абитуриентларнинг норозилигини келтириб чиқарди.
Имтиҳонларнинг ўтказилиши масъул Миллий тест маркази натижаларни ҳақиқий эмас деб топди. Янги имтиҳонлар 22 июнь санасига мўлжалланган.
2025 йилнинг июлида Непал ҳукумати интернетдаги фирибгарликлар сони ортгани боис Telegram мессенжерига киришни чеклаш ёки тўсишни буюрган эди. 2022 йилда бўлса Бразилия Олий федерал суди судьяси мамлакатда Telegram мессенжерини блоклаш тўғрисидаги қарорини қайтариб олгани тўғрисида хабар берилганди.








