Air India авиакомпанияси учувчиси Деҳлидан Амрицар шаҳрига учаётган самолёт Покистон ҳаво ҳудудига қисқа вақтга киргани сабабли ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Ҳиндистон фуқаро авиацияси регулятори (DGCА)га таяниб The Independent хабар берди.
Воқеа 22 июнь куни тунда содир бўлган. Airbus А321 самолёти Амрицар аэропортига яқинлашганда, унга ҳавода кутиб туриш буйруғи берилган. Бунга учиш-қўниш йўлагида қуш билан тўқнашув юз бергани ҳақидаги хабар сабаб бўлган ва йўлак текширилаётган бўлган.
Кутиш вақтида самолёт соат 22:08 да бехосдан Покистон ҳаво ҳудудига кириб қолган.
“Радар орқали йўналтириш пайтида самолёт қисқа муддатга Покистон ҳаво ҳудудига кирди. Бу ҳолат Покистон авиадиспетчерлари билан мувофиқлаштирилди. Якунда самолёт Деҳлига қайтарилди ва хавфсиз қўнди”, дейилади DGCА хабарида.
Регулятор ушбу ҳодиса ҳақида хабар бермагани учун экипаж аъзолари ва Амрицардаги авиадиспетчерга нисбатан интизомий чора кўрилганини қўшимча қилди. Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг апрель ойида икки давлат ўртасидаги дипломатик кескинлик ортиб, тўрт кунлик урушга айлангани сабабли Покистон ўз ҳаво ҳудудини Ҳиндистон авиакомпаниялари учун ёпган эди.
Air India компанияси ҳам ҳаво ҳудуди бузилганини тасдиқлади:
“22 июнь куни Деҳлидан Амрицарга учаётган АI479 рейси экипажи Амрицар аэропортида манёвр қилаётганида Покистон ҳаво ҳудудини бир оз бузиб ўтган”, дейилади авиакомпания баёнотида.
Шунингдек, ҳодиса ҳақида тегишли органларга хабар берилгани ва ички суриштирув бошлангани айтилди. Hindustan Times нашрининг ёзишича, самолёт манёвр пайтида Покистон ичкарисига қараб тахминан 4,8 км кириб борган.
Расмий вакиллардан бирининг нашрга билдиришича, ушбу воқеадан олдин, соат 16:29 да Амрицарга қўнган 6E 5028 рейси самолёти қуш билан тўқнашганини маълум қилган. Шу сабабли кейинги бешта рейсга ҳавода кутиб туриш буюрилган. Air India самолёти эса қўниш навбатида тўртинчи бўлган. Воқеа Амрицарда яқинлашишни кузатиш хизматлари ишламаётган вақтда юз берган.
Кейинчалик самолёт яна бир бор қўнишга уриниб кўрган. Бироқ ёнилғи кам қолгани сабабли Амрицарга қўна олмаган ва Деҳлига қайтиб кетган. Самолёт соат 23:27 да Деҳлига эсон-омон қўнган. Бир оз вақт ўтгач самолёт қайтадан ҳавога кўтарилиб, Амрицаргача бўлган парвозини тўлиқ якунлаган.
Бундан олдин АҚШда ҳамроҳини тишлаган йўловчи сабаб самолёт фавқулодда қўнгани ҳақида хабар берилганди.








