Daryo

Ўзбекистонда картошка нархи қачон тушади?

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги картошка нархи бўйича ахборот берди

3 дақиқа ўқиш148 656 кўришлар0 изоҳ0

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда картошканинг нархи 12 минг сўмга етгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги картошка нархи бўйича ахборот берди.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Вазирликнинг билдиришича, олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳридаги Food City деҳқон бозорида 1 кило картошканинг ўртача нархи 8,5 минг сўмни ташкил этмоқда (минимал 7,5 минг сўм, максимал 9 минг сўм).

Шунингдек, барча ҳудудлардаги арзонлаштирилган савдо ярмаркаларида картошка 5-6 минг сўм нархда сотилмоқда. Тошкентнинг йирик бозорларида эса картошканинг нархи қуйидагича:

  • Авиация, Қўйлиқ, Миробод, Юнусобод бозорларида — 9 000 сўм;
  • Сирғали, Фарҳод, Чилонзор, Эски Жува, Қорақамиш, Аския, Олой бозорларида — 10 000 сўм.

Нарх ошишига сабаб нима?

Картошканинг қимматлашишига бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Масалан, такрорий экилган майдонлардан етарли ҳосил олинмади. Картошка йилига икки марта экилади:

  • январь—март ойларида экилган картошка апрель—июлгача ҳосил беради;
  • июнь—июлда экилган картошка ноябрь—апрель ойларида истеъмол қилинади.

2024 йил ҳосили учун такрорий майдондан 1 миллион тонна картошка етиштирилган, аммо ноябрь—апрель даврида 1,7 млн тонна зарур. Йиғилган ҳосил талабнинг фақат 44 фоизини қоплайди. Такрорий экиш учун уруғлик, ўғит, ёқилғи ва бошқа ресурслар қимматлашган. Маълумот ўрнида, 1 гектар картошка экиш учун 55-60 млн сўм сарфланмоқда, бу бошқа экинларга нисбатан 2–2,5 баробар кўп.

Охирги 4 йилда картошка нархи 173 фоизга ошган. Азотли ўғит 173 фоиз, калийли ўғит 175 фоиз, кимёвий воситалар 202 фоиз, дизель ёқилғиси 178 фоиз, механизация хизматлари 170 фоиз, электр энергияси 180 фоиз қимматлашди. Ўтган йилдан бошлаб сув солиқлари ва ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) ҳам қўшилгани картошка таннархига таъсир қилмоқда.

Вазирлик ахборотида қайд этилишича, картошка нархи барқарорлаштирилиши учун 245,6 минг тонна картошка захирага олинди, 9,9 минг тонна маҳсулот бозорларга чиқарилди. Ҳозирда картошкалар арзонлаштирилган ярмаркаларда 4000-4500 сўмдан сотилмоқда.

Шунингдек, Афғонистон, Қирғизистон, Покистон ва Эрон давлатларидан 94,2 минг тонна картошка импорт қилинди, жараёнларга тўсқинлик қилувчи баъзи транспорт муаммолари ҳал этилмоқда. Масалан, Сариқ довон очилиши натижасида импорт ҳажми кўпайди, корхоналарга қўшимча темир йўл вагонлари ажратилди.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Картошка нархи қачон тушади?

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, картошка нархи тушиши учун бир қатор амалий ишлар режалаштирилган бўлиб, хусусан, 2025 йил ҳосили учун 122 минг гектар майдонга картошка экилиши кўзда тутилган. Шунингдек, апрель май ойларида янги ҳосил бозорга чиқарилади ва бунинг натижасида картошка нархи пасайишига эришилади. Амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида февраль март ойларида нархлар барқарорлашиши, апрель май ойларида эса пасайиши кутилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қозоғистон чегарасида кўп миқдордаги картошка ушлаб турилгани ҳақидаги хабарларга ҳам муносабат билдирди.  Қозоғистоннинг Павлодар шаҳридан экспорт қилинган 43 та вагондаги картошка 10 кундан ортиқ вагонда қолиб кетгани сабабли музлаб, яроқсиз ҳолга келгани айтилганди. 

Вазирликнинг билдиришича, Ўзбекистонлик бир нечта тадбиркорлик субъектларига тегишли картошка ортилган вагонлар фитосанитар назорат тартибига мувофиқ Қозоғистон—Ўзбекистон чегарасининг Қозоғистон ҳудудида вақтинча тўхтатилган. Ушбу текширув жараёнида юк ҳужжатларида аниқланган айрим техник камчиликлар сабабли маҳсулотни чегарада қисқа муддат ушлаб туриш эҳтиёжи вужудга келган. Мазкур техник муаммолар ўрнатилган тартибда тўлиқ бартараф этилди.

“Қозоғистон чегарасида мазкур юкларни атайлаб ёки сунъий равишда ушлаб туриш ҳолати мавжуд эмас. Икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирликларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида маҳсулот айни кунда Тошкент шаҳридаги Чуқурсой сақлаш пунктига етказилди. Ҳозирда тадбиркорлик субъектларига тегишли барча картошка маҳсулотлари сотув расталарига йўналтирилмоқда”, дейилади вазирлик муносабатида.

Қайд этилишича, бу картошка нархи билан боғлиқ вазиятни бартараф этиш ва бозорларда мазкур маҳсулотга бўлган нархнинг барқарорлашувига хизмат қилади.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар