Daryo

Ўзбекистонда картошка етиштирувчиларга бир қатор имтиёзлар берилади

Супер элита ва элита уруғларини фермерларга етказиб беришгача бўлган даврда музлаткичли омборхоналарда сақлаш харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш механизми жорий қилинади.

1 дақиқа ўқиш1 961 кўришлар0 изоҳ3

Президент иштирокида ўтказилаётган Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида картошка етиштирувчиларга бир қатор имтиёзлар берилиши хабар қилинди.

Картошкачиликни ривожлантириш борасида Жиззах вилояти намуна бўлиши кераклиги таъкидланди. Бунинг учун, энг аввало, сифатли ва серҳосил картошка уруғчилигини йўлга қўйиш керак. 2026-йилдан бошлаб картошка етиштирувчиларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари жорий этилиши белгиланди.

Бунда минерал ўғит, техника, ёқилғи ва бошқа харажат учун 6 ойлик имтиёзли давр билан бир йил муддатга 12 фоизли кредит ажратилади. Кредитларнинг 50 фоизгача қисмига кафиллик тақдим этилади, суғориш насосларига қуёш панели ўрнатиш харажатининг ярми қоплаб берилади.

Картошка етиштирувчилар учун яна бир муҳим янгилик: келгуси йилдан суғориш насослари электр харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади, четдан олиб келинган картошка экиш ва йиғиб олиш техникалари божхона божларидан озод қилинади.

Шунингдек, супер элита ва элита уруғларини фермерларга етказиб беришгача бўлган даврда музлаткичли омборхоналарда сақлаш харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш механизми жорий қилинади.

Вилоятдаги жами 900 минг гектар лалми ва яйлов ерларининг 110 минг гектари захирада тургани, уларда озуқа, мойли экинлар экиш ва саноат боғларини яратиш орқали камида 20 минг одамни ишли қилиш мумкинлиги таъкидланди. Жиззахдаги яйловлардан самарали фойдаланиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Шу билан бирга, кейинги йилдан яйловларда ер эгалари юқори даромадли экинлар экиб, ердан мақсадли фойдаланса, уларга ер солиғи 2 карра камайтириб берилади.

Шунингдек, вилоятдаги кўплаб чорвадор ва фермерлар озуқа ва мева-сабзавот етиштиришда сув насосига сарфланган электр учун субсидияни ҳар ойнинг бошида тўлаб беришни сўраган.

Мутасаддиларга бутун республикада ушбу субсидияларни ой бошида берадиган тизим қилиш муҳим экани кўрсатиб ўтилди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар