2023 йилда Салоникадаги Аристотел университети олимлари ва ESA мутахассислари космосда картошкани қовуриш мумкинлигини ўрганишга қарор қилишди. Натижа кутилганидек бўлмади.
Тадқиқотчилар Ерда нол тортишиш кучига эга хона яратиб, у ерда картошка қовуришга уриниб кўришди. Натижада ёғли картошка ва қиздирилган ёғдан иборат истеъмолга яроқсиз бўтқа ҳосил бўлди. Бироқ нима учун шундай бўлди?
Қовуриш мураккаб физик ва кимёвий жараёнлар мажмуаси ҳисобланади. Бу жараёнларнинг айримлари вазнсизлик шароитида ишламайди. Хусусан, космосда буғ пуфакчалари ҳосил бўла олмайди. Ерда эса бундай пуфакчалар, масалан, сув қайнатганимизда ёки ёғ қиздирганимизда пайдо бўлади.

Вазнсизлик ҳолатида буғ пуфакчалари эркин ҳаракатланолмайди — улар картошкага ёпишиб қолиб, уни юқори ҳароратдан ҳимояловчи буғ қатламини ҳосил қилади. Натижада ёғ шунчаки қизийди, картошка эса товага ёпишиб қолади ва қовурилмайди.
Буни бирор йўл билан бартараф этиш мумкинми?
Олимлар космосда инсон ўз уйида истеъмол қилган таомларни егиси келишини тўғри тушунади. Шу сабабли ESA муҳандислари махсус қурилма ихтиро қилди ва у қуйидагича ишлайди.

Маҳсулотлар (масалан, картошка) устига ёғ қуйилади, зираворлар солинади ва махсус камерага жойлаштирилади. Бу камера худди сентрифугага ўхшаб айланишни бошлайди. Шундай қилиб сунъий тортишиш кучи ҳосил қилинади.
Шу пайтда идиш қизийди ва ўша буғ пуфакчалари худди Ердагидек ишлашни бошлайди. Натижада одатий қовуриш жараёни юзага келади.
“Озиқланиш ва қулайликдан ташқари, космосда қовуриш жараёнини ўрганиш анъанавий қайнатишдан тортиб, микрогравитация шароитида қуёш энергиясидан водород ишлаб чиқаришгача бўлган турли соҳаларда ютуқларга олиб келиши мумкин”, дея таъкидлади илмий ишлар раҳбари Жон Лиумбас.








