Daryo

Ўнта давлат Россия газини сотиб олишни тўхтатмоқчи 

Улар газ импортини дарҳол тўлиқ тақиқлаши ёки босқичма-босқич қисқартириши кутилмоқда

1 дақиқа ўқиш29 008 кўришлар0 изоҳ0

Европа иттифоқининг (ЕИ) ўнта мамлакати Россия газини импорт қилишни бутунлай тақиқлашга чақирмоқда. Ташаббусни ўз ичига олган ҳужжатни Литва, Латвия, Эстония, Дания, Чехия, Польша, Руминия, Швеция, Ирландия ва Финляндия имзолади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Таклиф иккита ёндашувни назарда тутади: 2022 йилда қабул қилинган RePowerEU стратегияси доирасида импортни дарҳол тўлиқ тақиқлаш ёки босқичма-босқич қисқартириш. Ушбу стратегияга асосан Европа иттифоқи 2027 йилгача Россия газидан бутунлай воз кечиб, бошқа мамлакатлардан газ етказиб бериш ва қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришни режалаштирмоқда. Бироқ ҳужжат муаллифлари режани амалга оширишни тезлаштиришни талаб қилган.

Шу сабабли Европа иттифоқи февраль ойи охирида, Украинада уруш бошланганининг 3 йиллиги арафасида эълон қилиниши режалаштирилган Россияга қарши санкцияларнинг янги, 16-пакети устида ишламоқда.

ЕИ аллақачон Россия нефтини импорт қилишни тақиқлаган бўлса-да, айрим давлатларнинг Москвадан келадиган газга қарамлиги унга қарши санкцияларга тўсқинлик қилмоқда. Ҳар қандай чеклов чоралари Европа иттифоқига аъзо барча 27 давлатнинг бир овоздан маъқуллашини талаб қилади. Бироқ Венгрия бош вазири Виктор Орбан бунга қарши чиқиши эҳтимоли юқори. 

Европа комиссияси келгуси ойда Россия энергиясидан босқичма-босқич воз кечиш бўйича батафсил режани тақдим этиши керак. Бироқ Европада совуқ об-ҳаво ва АҚШнинг Россия энергетикасига қарши янги санкциялари туфайли газ нархи аста-секин ошиши сабабли хавотирлар ортмоқда.

Европа иттифоқининг энергия ресурсларини диверсификация қилиш бўйича саъй-ҳаракатларига қарамай, уруш бошланганидан бери Россиядан нефть, газ ва кўмир импортининг умумий қиймати 200 миллиард евродан ошди (204 миллиард доллар).

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар