Болтиқ денгизида Россиянинг “Маршал Василевский” газ ташувчи кемасида иккита пулемёт борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Доссиэр нашрига таяниб, Meduza хабар берди.
Бу суратлар воситасида аниқланган бўлиб, улар май ойида Эстония чегара хизмати томонидан олинган ва журналистларга тақдим этилган. Уларда кеманинг бошқарув кабинасида иккита 12,7 мм калибрли “Корд” пулемёти ўрнатилганини кўриш мумкин. Пулемётлар кеманинг икки четига жойлаштирилган. Шунингдек, ўқ отиш жойларини ҳимоя қилиш учун уларнинг ёнига қум тўлдирилган қоплар ҳам қўйилган.
Қайд этилишича, бу Россиянинг фуқаролик кемасига қурол ўрнатилгани маълум бўлган ҳозирча ягона ҳолатдир. Бундан ташқари, кема йўловчилари рўйхати текширилганда, унда доимий равишда ФСБ, Росгвардия ва Мудофаа вазирлиги ходимлари борлиги аниқланди. 2025 йил августидан буён кема бортида бўлган 50 кишининг камида 24 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида хизмат қилган ёки ҳозир ҳам хизмат қилмоқда.
Бу Ғарбга берилган сигналми?
Экспертларнинг фикрича, пулемётлар дронлардан ҳимояланишда самарасиз ҳисобланади. Бироқ бу кема Калининград вилояти қирғоқларида жойлашгани сабабли, бу қуроллар Москванинг ҳудудни ҳимоя қилиш стратегиясининг бир қисми бўлиши мумкин. Болтиқбўйи разведка идораларидаги манбанинг айтишича, бу ҳолат “Ғарбга 50 фоиз сигнал” ҳисобланади.
“Биз барибир бу кемага бостириб киришни режалаштирмаётган эдик. Аммо агар Россиянинг ‘соялар флоти’ бортида йирик калибрли пулемётлар борлиги ҳақида миш-мишлар тарқалса, Ғарб давлатлари кемага чиқиш билан боғлиқ таваккални бутунлай бошқача баҳолай бошлайди”, деди манба.
“Маршал Василевский” газ ташувчиси “Газпром” компаниясига тегишли. Компания кемага нима учун пулемётлар ўрнатилгани ҳақидаги саволга жавоб бермади.
Денгиздаги ҳужумлар
Ҳозиргача Россиянинг денгизда ҳужумга учраган ягона газ ташувчи кемаси “Артик Метагас” танкери бўлиб турибди. Бу ҳодиса Ўрта Ер денгизида содир бўлган эди. Март ойи бошида кема бортида ёнғин чиққан. Бунга денгиз дрони ҳужуми сабаб бўлгани тахмин қилинади. Кема экипажи эвакуация қилинган, бироқ кема корпуси тешилиб, ичидаги суюлтирилган газ юклари билан қаровсиз қолиб кетган эди.
Россия бу ҳужумни Украинанинг экипажсиз қайиқлари амалга оширган деб ҳисоблайди. Франциянинг РФИ газетаси ҳам ўз манбаларига таяниб, ҳужум ортида Ливиядаги базаларда маҳаллий ҳукумат билан келишув асосида жойлашган украиналик ҳарбийлар турганини ёзган. Владимир Путин ушбу кемага қилинган ҳужумни “террорчилик ҳаракати” деб баҳолаган.








