“Газпром” 2026 йил бошидан буён Марказий Осиё мамлакатларига газ етказиб беришни қарийб 70 фоизга оширди. Бу ҳақда компания бошқарув раиси Алексей Миллернинг баёнотига таяниб, “Интерфакс” хабар берди.
Бу йил Марказий Осиёда ҳам ижобий натижаларга эришдик. Биз Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажмини қарийб 70 фоизга оширдик, деди Миллер нефть ва газ саноати ходимлари кунига бағишланган йиғилишида.
Ўзбекистонга газ етказиб бериш Марказий Осиё — Марказ магистрал қувурлари орқали амалга оширилмоқда. 2025 йилда “Газпром” мамлакатга 6,48 миллиард куб метр газ етказиб берган, бу 2024 йилга нисбатан 15 фоизга кўпдир.
Қирғизистон ҳозирда йилига 500 миллион куб метрга яқин газ сарфлайди. Келгусида ИЭС-2 ва “Бишкекселмаш” ИЭСлари учун табиий газ етказиб бериш бўйича “Газпром” билан 2040 йилгача узоқ муддатли шартномалар имзоланган. “Газпром” Қозоғистоннинг Ғарбий Қозоғистон, Қўстанай ва Ақтўбе вилоятлари истеъмолчиларини газ билан таъминлашда иштирок этмоқда.








