Daryo

Ўзбекистоннинг 4 ойлик экспорти таркибида олтин улуши 40 фоиздан ортиқ бўлди

Январь–апрель ойларида 8,5 млрд долларлик товарлар экспорт қилинган. Шундан 3,42 млрд доллари олтиндан келган

1 дақиқа ўқиш9 996 кўришлар0 изоҳ0

Жорий йил январь–апрель ойларида Ўзбекистон 8,5 миллиард долларлик товарлар экспорт қилган. Шундан қарийб 3,42 миллиард доллари олтин сотуви ҳиссасига тўғри келган.

Фото: Bloomberg.com

2024 йилнинг дастлабки тўрт ойида Ўзбекистон 3,42 миллиард долларлик олтин экспорт қилди (2023 йил мос давридагидан 11,8 фоизга кўп). Хусусан, мамлакат хорижга февраль ойида 1,3 миллиард долларли (январда олтин сотилмаган), мартда 1,3 миллиард долларли, апрелда 800 миллион доллардан ортиқ қийматдаги олтин сотган.

Ўтган 2023 йилнинг дастлабки тўрт ойида республика томонидан 3 миллиард долларлик олтин экспорт қилинганди.

Жорий йил январь–апрель ойларида Ўзбекистон умумий экспорти ҳажми 8,5 миллиард долларни ташкил этган. Экспорт таркибида олтиннинг улуши қарийб 40,3 фоизга етган. Таққослаш учун, 2022 йилнинг дастлабки тўрт ойидаги экспортнинг 42 фоизи, 2023 йилдагисида 39,3 фоизи олтин бўлган.

Йиллик рақамларга қаралса, 2023 йилда республиканинг жами экспорти ҳажми 24,4 миллиард долларни ташкил этганди. Шундан 33,4 фоизи, яъни 8,1 миллиард доллари олтин сотуви ҳиссасига тўғри келган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўтган йили олтин сотиш бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллади. Мамлакат йил давомида 25 тоннадан ортиқ олтин сотди. Жорий йил февралда ҳам республика Марказий банки 12 тонна олтин сотиб, ушбу даврда қиммат металл савдоси бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди. Олтин харид қилиш бўйича энг катта улуш Хитой Халқ банки (12 тонна) ва Қозоғистон Миллий банки ҳиссасига тўғри келган.

Жорий йилда олтин нархи рекорд даражда ўсмоқда. Хусусан, март ойи бошларида қимматбаҳо металлнинг бир унсияси нархи 2141 доллардан, 20 май кунига келиб эса 2450 доллардан ошган.

Farg‘onadanman. Oʻzbekiston Milliy universitetini tamomlaganman. “Daryo”da 2022-yildan beri muxbirman. Iqtisodiy-siyosiy voqealarni yoritib boraman. Yoqtirgan kinolarimdan biri — “Shoushenkdan qochish”. Oxirgi o‘qilgan kitoblardan iqtisodchi olimlar Daron Ajemo‘g‘li va Jeyms Robinson hammuallifligidagi “Mamlakatlar tanazzuli sabablari…” kitobi yoqdi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар