Daryo

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси хитой—ўзбек вакцинаси билан эмланди

Элчи Ўзбекистон—Хитой вакцинасини Қозоғистонга ҳам етказиш масаласини муҳокама қилиш бўйича таклиф тайёрлашини билдирган

1 дақиқа ўқиш46 354 кўришлар0 изоҳ0
Foto: Innovatsion rivojlanish vazirligi

1 март куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Дархан Сатибалдини қабул қилди. Томонлар Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва бу борада ҳамкорликни кучайтириш масаласини муҳокама қилган.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Учрашувда инновацион ривожланиш вазири Ўзбекистон—Хитой ҳамкорлигида амалга оширилаётган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг синов жараёнлари ҳақида маълумот берган. Хусусан, вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти ва Хитой фармкомпанияси билан уч томонлама меморандум доирасидаги III фаза синовларида мазкур вакцинанинг хавфсизлиги юқори баҳоланганини қайд этган.

Маълум қилинишича, бугунги кунга келиб 6836 нафар кўнгилли вакцинанинг 1-дозаси, 4453 нафар кўнгилли вакцинанинг 2-дозаси ва 283 нафар кўнгилли 3-доза билан эмланган. Ушбу синовда қатнашган фуқароларнинг 6 нафаридагина озроқ ножўя таъсир – аллергик реакция кузатилган. Бу 0,01 фоиз бўлиб, вакцинанинг хавфсизлигидан далолат беради.

Дархан Сатибалди Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 янги рекомбинант вакцина синовлари муваффақиятли ўтаётгани билан қутлаган. Шунингдек, ушбу вакцина борасида Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида ҳам материаллар берилаётгани ҳақида гапирган. Элчи Ўзбекистон—Хитой вакцинасини Қозоғистонга ҳам етказиш масаласини муҳокама қилиш бўйича таклиф тайёрлашини билдириб ўтган.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Суҳбат якунлангач, Қозоғистон элчиси Дархан Сатибалди ва икки нафар Қозоғистон элчихонаси ходими ZF-UZ-VAC2001 вакцинанинг 1-дозаси билан эмланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси биринчи бўлиб фойдаланиш учун рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир: Ўзбекистон коронавирусга қарши оммавий эмлашда икки хил вакцинадан фойдаланиш ниятида

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланиши маълум қилинган. Махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистонда Россиянинг Гамалея илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинасини қўллашга рухсат берилди. Коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.
Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар