Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановнинг ҳибсга олиниши Сергей Шойгунинг бошқа лавозимга ўтиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда инсайдерларга таяниб, Forbes хабар берди.
Мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов 23 апрель куни йирик миқдорда пора олганликда гумонланиб қўлга олинди. Унга 23 июнга қадар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Forbes Россия ҳарбий бошқармасидаги манбаларга таяниб, шов-шувли ҳодисани мудофаа вазири Сергей Шойгу бошқа лавозимга ўтиши мумкинлиги билан боғлайди.
Манбалар Иванов мудофаа вазирининг яқин шериги эканини даъво қилмоқда. У вазирликнинг қурилиш лойиҳаларига масъул бўлган.
Эҳтимол ҳибсга олиш жараёни Шойгунинг бошқа лавозимга ўтиши билан боғлиқ. Шу тариқа вазирликда тозалаш ишлари кечмоқда, — дейди инсайдерлар.
Кремлнинг Иванов ҳибсга олинишига муносабати
Кремль мудофаа вазири ўринбосари ҳибсга олиниши ва унинг давлатга хиёнатда гумон қилинаётгани ҳақидаги миш-мишларга қуйидагича изоҳ берди.
Ҳеч нарса маълум эмас, турли талқинлар бор, расмий маълумотларга таянишимиз керак. Тергов бўлади. Баъзи мулоҳазалар тахминлардан бошқа нарса эмас. Диққатимизни терговга қаратиб, суд қарорини кутишимиз лозим, — деди президент матбуот котиби Дмитрий Песков.
Шунингдек, у Путин мудофаа вазири билан доимий алоқада эканини айтди. Президент Шойгу билан Иванов ҳақида гаплашганми ёки йўқми номаълум. “Тафсилотларни айта олмайман”, деди Песков.
2016 йилдан бери Сергей Шойгунинг 12 ўринбосаридан бири бўлиб ишлаган Иванов асосан Россия Мудофаа вазирлигидаги қурилиш лойиҳалари, жумладан, Россия томонидан босиб олинган Мариуполдаги қурилиш лойиҳаларига масъул бўлган.
Уруш бошланганидан сўнг, мухолифатчи марҳум Алексей Навальнийнинг жамоаси тергов эълон қилиб, унда Тимур Иванов ҳақида маълумот берган. Жумладан, Иванов 2022 йил охирида Россиянинг бир қатор ҳудудларида Мудофаа вазирлиги пудратчилари маблағлари ҳисобига кўчмас мулк қуришда айбланган.
Изоҳ (0)