“Коррупцияга қарши курашишни дўстингизни қамоққа жўнатишдан бошланг. Сиз ҳам, улар ҳам нима сабабдан эканини яхши биласиз”, – Ли Куван Ю.
Инсоният минг йиллардан буён коррупция деган иллатга қарши курашиб келади. Афсуслар бўлсинки, шу вақтгача бу дардисардан бутунлай халос бўлган давлат йўқ. Ҳатто коррупция учун ўлим жазоси белгиланган Хитойда ҳам амалдорлар бу жиноятни қилишдан тийила олмайди. Ўзимизни-ку гапирмаса ҳам бўлади.
Нега коррупция инсонларнинг қон-қонига сингиб кетган? Нега одамлар пора олишни ва беришни севади? “Дарё” жамиятимиздаги энг оғриқли муаммолардан бири коррупция ҳақида фактларга таянган ҳолда кўрсатув тайёрлади.
Коррупция сиз учун нима?
Ҳамид Содиқ, жамиятшунос ва сиёсатшунос:
— Коррупция – жамланиб яшаш шароитида табиий вужудга келадиган жараён. Яъни инсонлар маълум бир жойда жамланса, инсонлар ўртасидаги алоқалар мураккаблашса ва маълум бир иерархия пайдо бўлганида коррупциянинг хавфи туғила бошлайди. Шу боисдан давлатчиликнинг илк белгилари пайдо бўлган даврида ҳам коррупциянинг белгиларини учратиш мумкин.
Обиджон Латипов, Коррупцияга қарши кураш агентлигининг собиқ ходими:
— Коррупция – бу иллат. Иллат бўлганда ҳам инсониятнинг Қадим тарихидан бошлаб, бугунги кунгача инсон билан доим биргалашиб, ривожланиб, тараққий этиб келаётган иллат ҳисобланади. Коррупциянинг хавфи глобал даражага етган. БМТнинг коррупцияга қарши кураш конвенцияда коррупция “барқарор ривожланишга таҳдид” деб баҳоланган. Коррупция шунчаки иллат эмас, бу инсониятни барқарор ривожланишига таҳдид соладиган, давлатларни издан чиқариб юбориши мумкин бўлган иллат. Тарихда кўплаб давлатларни таназзулга учраганини кўриш мумкин. Агар тарихни яхшилаб таҳлил қилсак, давлатларнинг қулашига сабаб бўлган энг асосий омил – бу коррупция!
Биринчи маъмурият даврида коррупция қандай эди? Ҳозирги маъмурият даврида коррупция қандай?
Фарҳод Каримов, сиёсатшунос:
— 7-8 йил ичида коррупцияни олдини олишга қаратилган бир қанча яхши ишлар амалга оширилди. Масалан, коррупция тўғрисидаги қонунчилигимизда “тешиклар” кўп эди. Ҳозир хўжалик ва ўрта қатламда коррупцияга қарши босқичма-босқич курашиб борилмоқда. 2011 йилларда олган ойлигимизни нақд пул қилиш учун 30 фоизини берар эдик. Бу ҳозир эртакдек эшитилиши мумкин. Ўша вақтда “долларга ҳеч нарса олиш мумкин эмас”, дейиларди-ю, аммо ҳамма нарсанинг нархи долларда ҳисобланарди.
Олий таълимни коррупция кирмаган тешиги қолмаган эди. Айниқса, қабул қилишда! Бу тизим эди, бунга қарши курашиб бўлмасди. Сиз пулсиз ўқишга киришга ишонмас эдингиз. Бугун олий таълимга қабул қилишда коррупция йўқ қилинди. Шу орқали давлатга бўлган ишонч қайтарилди.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
— Биринчи маъмурият даврида маиший коррупция кучли илдиз отган эди. Ҳозир бўлса, элитар коррупция кучайиб бормоқда. Лекин маъмурий коррупцияга қарши кураш учун маълум бир чора-тадбирлар кўрилди.
Обиджон Латипов, Коррупцияга қарши кураш агентлигининг собиқ ходими:
— Сиёсий ёки элитар коррупция ҳар доим бўлган, ҳатто ривожланган давлатларда ҳам бор. Transparency International халқаро коррупцияга қарши кураш ташкилоти ҳар доим рейтинг юритади. Мана шу рейтингдаги энг юқори мамлакатларда ҳам сиёсий коррупция мавжуд. Лекин энг оғриқли коррупция тури – бу маиший коррупция ҳисобланади. Кўпчилик маиший коррупцияни жиддий қабул қилмайди. Аммо маиший коррупция жамиятда урчиб кетса, унинг жамиятга берадиган босими сиёсий коррупциядан юқори бўлади.
Совет Иттифоқи даврида маиший коррупция нисбатан кам бўлган. Лекин мустақиллик йиллари жамиятдаги ижтимоий муаммолар кўтарилди. Давлат хизматчиларининг маоши ўта абгор аҳволда экани, қонунчиликдаги бўшлиқлар ва давлат кучли бўлмагани натижасида маиший коррупция илдиз отди.
Қандай омиллар коррупциянинг олдини олади ёки унга сабаб бўлиши мумкин?
Ҳамид Содиқ, жамиятшунос ва сиёсатшунос:
— Қачонки давлатда бюрократия кенг ва мураккаб бўладиган бўлса, жамият табиий равишда коррупцияга ҳаракат қилади. Коррупцияни чеклаш учун маълум бир сиёсий институтлар яхши ишлаши керак. Бу суд органи! Агар Олий Мажлис ва парламентга ишонч бўлмаса, халқ қонунларга ҳам ишонмайди. Халқ нима учун қонунларни ўқимайди? Чунки қонунлар амалда ишламайди. Қонунлар ўз вазифасини бажармаганидан кейин унинг ўрнини коррупция эгаллайди.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
— Бизда коррупцияни шаклланишига замин яратадиган бир нечта омиллари мавжуд. Биринчиси — уруғ-аймоқчилик. Масалан, раҳбарнинг қариндошлари атрофида йиғилса, коррупцияга йўл қўйиш ва бир-бирини ҳимоя қилиш шу даражада кучли бўлади. Бунда жамиятнинг коррупцияга қанчалик тоқатсиз бўлиши ҳам муҳим. Бугун бизни жамият коррупцияга тоқатсиз деб айтиш қийин. Чунки биз мансабдор шахсларга яқинроқ бўлишни истаймиз, у билан иш битиришни хоҳлаймиз.
Обиджон Латипов, Коррупцияга қарши кураш агентлигининг собиқ ходими:
— Биз бугун нима оқ, нима қора эканлигини фарзандларимизга ўртага оляпмизми? Масалан таниш-билишчилик ёмон одат эканлигини қадрлайдиган одамларимиз неча фоизни ташкил қилади деб ўйлайсиз? Аксинча, биз таниш-билишчилик жуда яхши нарса, меҳр-оқибат деб талқин қиламиз. Агар бир танишимиз юқори мансабга ўтириб қолса, “энди сенинг даврингда биз бундай қиламиз”, дейдиганлар қанча!? Агар сиз мансабдор бўла туриб таниш-билишчиликка йўл қўймасангиз, сизга нисбатан одамгарчиликдан айрилди дея маломатлар қилишади.
Суҳбатнинг тўлиқ вариантини “Дарё”нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Изоҳ (0)