Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев “Телефонсиз мактаб” ташаббусини қўллаб-қувватлаб, дарс пайтида мактабда ўқувчи ва ўқитувчиларнинг телефонсиз юришига эришган Ангрен шаҳридаги 17-мактаб жамоасига 300 миллион сўм пул мукофотини топширди. Бу ҳақда “Дарё”га хабар берган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Қобуловнинг билдиришича, мукофотни мактаб жамоасига шахсан ҳокимнинг ўзи топширган.
Мактаб жамоасининг муваффақиятга эришишига сиз ота-оналар сабабчи бўлдингиз. Бошқаларга ўхшаб, “эй, боламнинг телефонини олма”, деганингизда бу натижа бўлмасди, — деди вилоят ҳокими
Зоир Мирзаев мактабга берилаётган пул ҳақида гапирар экан, пул мактаб ҳисоб рақамига ўтказиб берилишини айтиб, “Бу пул сизларники, жамоатчилик билан маслаҳатлашинг ва нимага сарфлашни лозим топсангиз, ўзингиз биласиз”, — деди.
Вилоят ҳокимининг маълумот беришича, мазкур ташаббусни вилоятдаги 100 тадан ортиқ мактаб қўллаб-қувватламоқда.
Бу мукофот берилишини кўришганидан сўнг, мактаблар 200 та 300 та бўлади. Биз буни кузатамиз. Ота-онанинг фикрини оламиз, — деди Тошкент вилояти ҳокими.
Вилоят раҳбарининг қўшимча қилишича, мактабларда ўтказилаётган “Телефонсиз мактаб” ташаббуси ҳақида ота-оналар фикрини ўрганишда, шунингдек, ғолибларни аниқлашда ҳокимликка Миллий гвардия ходимлари кўмаклашмоқда.
Тадбирда сўз олган жамоатчилик фаолларидан бири, собиқ депутат Қобул Дусов ташаббус ҳақида фикр билдирар экан, унинг молиявий манбаси шахсан унга қизиқ эмаслигини айтиб, “муҳими пул мактабга, таълимга сарфланаётганидан хурсандман”, деди. Шунингдек, у мукофотга лойиқ кўрилган 17-мактаб директорига юзланиб, пулларни тўлиқ, ҳеч бўлмаганда ярмини жамоага мукофот сифатида тарқатиб беришни таклиф қилди.
Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев 2024 йилнинг февраль ойида Чирчиқ шаҳридаги мактаб директорлари билан учрашувида ўқитувчилари ва ўқувчилари телефондан воз кечган мактабга 300 миллион сўм пул мукофоти беришини маълум қилганди.
Изоҳ (0)