АҚШ президенти Дональд Трамп Россия раҳбари Владимир Путин билан Алясканинг Анкориж шаҳрида ўтказиладиган учрашув муваффақиятсиз якунланиш эҳтимолини 25 фоиз деб баҳолади. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Трамп бу ҳақда у 14 август куни Fox News нашрига берган интервьюсида маълум қилган.
“Менимча, Путин келишувга эришишига ишоняпти. Мен ҳам шундай деб ўйлайман. Аммо бу учрашув муваффақиятсиз бўлиш эҳтимоли 25 фоиз”, деди Трамп.
Унга кўра, мазкур учрашув кейинги, янада муҳим бўлган саммитга замин яратади. Яъни ушбу иккинчи учрашувда чегара, ҳудуд ва бошқа масалалар бўйича муросага келиниши мумкин. Трамп бундан сўнг Украина президенти Владимир Зеленский билан ҳам уч томонлама мулоқот ўтказишни режалаштирмоқда.
Хабар қилинганидек, АҚШ ва Россия президентлари ўртасидаги кенг миқёсдаги учрашув бугун, 15 август куни Аляскадаги Элмендорф-Ричардсон ҳарбий-ҳаво кучлари базасида бўлиб ўтади. Аввал икки раҳбар таржимонлар иштирокида яккама-якка суҳбатлашади, сўнг делегациялар форматида музокаралар давом этади ва нонушта ташкил қилинади.
Россия делегацияси таркибида Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Мудофаа вазири Андрей Белоусов, Молия вазири Антон Силуанов ва бошқа расмийлар бўлади. Учрашув якунида Трамп ва Путин қўшма матбуот анжумани ўтказиши кутилмоқда. Музокаралардаги асосий мавзу — Украинада тинчлик ўрнатиш. Шунингдек, икки томон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва хавфсизлик масалалари ҳам муҳокама қилинади. Трампнинг таъкидлашича, музокаралардаги мақсадлар — ўт очишни тўхтатиш, “Украинасиз ҳеч қандай қарор қабул қилмаслик” тамойилига риоя қилиш ҳамда адолатли ва барқарор тинчликдан сўнг хавфсизликни таъминлашдир.
Изоҳ (0)