Мисрнинг Қоҳира шаҳрида 13 ёшли ўсмир бирданига тезпишар уграни хом ҳолда истеъмол қилиб, вафот этди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа Ал-Марг туманида содир бўлган. Полиция болакайнинг уйига етиб борганда унинг жасади ҳеч қандай ташқи шикастланишсиз топилган. Дастлабки терговда аниқланишича, у бир вақтнинг ўзида 3 та ўрам хом угра истеъмол қилган ва бу оғир хасталанишга сабаб бўлган.
Прокуратура мазкур маҳсулотни сотган дўкон эгасини қўлга олишга қарор чиқарган. Уградан намуна олиниб, лаборатория текширувига юборилган, боланинг жасади эса суд-тиббий экспертизасига топширилган. Дастлабки натижаларга кўра, маҳсулот стандартларга жавоб бериши аниқланган, бироқ ҳаддан ташқари кўп миқдорда хом ҳолда истеъмол қилиш овқат ҳазм қилиш тизимида ўткир ва оғир муаммоларга олиб келиши мумкинлиги қайд этилган.
“Индомиэ” номи билан машҳур бўлган тез тайёр бўладиган угралар Мисрда айниқса ёшлар орасида кенг тарқалган, чунки улар арзон ва тайёрлаш осон. Сўнгги йилларда бу маҳсулот билан боғлиқ нохуш ҳодисалар ҳақида бир неча бор хабарлар берилган. Мутахассислар айрим таркибий қисмлар, жумладан, натрий глутамат ва консервантлар соғлиққа салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтиб келади.
Шунга қарамай, Миср Миллий овқатланиш институти тезпишар угра тўғридан тўғри ўлимга сабаб бўлишини исботловчи илмий далиллар йўқлигини билдирмоқда. Мутахассисларга кўра, бундай ҳолатлар кўпроқ маҳсулотни нотўғри истеъмол қилиш ёки сақлаш шароитлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)