АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Халқаро жиноий суд (ХЖС)га босимни кучайтирмоқда. Хусусан, Давлат департаменти 20 август куни суднинг 2 нафар судья ва 2 нафар прокурорига қарши санкциялар жорий этганини маълум қилди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Таъкидланишича, улар америкаликлар ҳамда исроилликларга нисбатан тергов ва жиноий иш очиш жараёнларида фаол иштирок этганликда айбланмоқда. Санкциялар доирасида суд расмийлари АҚШ ҳудудидаги активларидан маҳрум қилинган. ХЖС бу қарорни “суд мустақиллигига очиқ ҳужум” дея қораламоқда. Бу пайтда, БМТ ҳам Қўшма Штатларнинг ушбу ҳаракатларидан хавотир билдирган. Исроил эса қарорни олқишламоқда.
Санкция қилинганлар орасида канадалик судья Кимберли Прост ва француз судьяси Николя Гйиё, шунингдек, фижилик прокурор Назҳат Шамеем Хон ва сенегаллик прокурор Маме Мандиае Нианг бор. Қўшма Штатлар давлат котиби Марко Рубио уларни АҚШ ёки Исроил розилигисиз тергов қилишда ва ҳибсга олишга уринганликда айбламоқда.
“Бу шахслар — чет элликлар. Улар АҚШ ёки Исроил розилигисиз, Халқаро жиноий суд орқали америкалик ва исроилликларни тергов қилиш, ҳибсга олиш ёки судлашга уринган. Биз ўз аскарларимиз, суверенитетимиз ва иттифоқчиларимизни ХЖСнинг ноқонуний ва асоссиз ҳаракатларидан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барча чораларни кўрамиз”, деди Рубио.
Франция президенти Эммануэл Макроннинг АҚШга ташрифидан 2 кун ўтиб эълон қилинаётган санкциялар Парижда кескин норозилик уйғотмоқда. Франция ТИВ баёнотида бу қарор “мустақил суд принципларига зид” экани қайд этилган. Исроил бош вазири Бенямин Нетаньяху эса АҚШ қарорини олқишлаб шундай деди:
“Бу Исроил ва армияга қарши бўҳтонларга берилган қатъий жавобдир”.
Трамп маъмурияти ХЖСга қарши чора-тадбирларни ўзининг илк президентлик даврида ҳам қўллаб келган. Аввалги санкциялар Жо Байден ҳукумат тепасига келгач бекор қилинган эди. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация вакили Даня Чайкел эса янги санкцияларни халқаро ҳуқуқий тизимга ҳужум ва адолат излаётганларни қўрқитишга уриниш, деб атамоқда. Унинг фикрича, бу қарор ХЖСнинг 125 нафар аъзо давлатлари учун синов бўлиб, улар суд мустақиллигини ҳимоя қиладими ёки қудратли давлатларнинг босимига ён берадими – вақт кўрсатади.
Изоҳ (0)