“Толибон” ҳаракати Мозори Шарифдаги Телекоммуникация майдонида жойлашган шоир ва давлат арбоби Амир Алишер Навоий ҳайкалини бутунлай вайрон қилди. Бу ҳақда маҳаллий манбаларга таяниб “Аму” нашри хабар бермоқда.

Таъкидланишича, “Толибон”нинг бу ҳаракати турк миллатига мансуб бир қатор ўқитувчилар ва сиёсатчиларнинг қаттиқ ғазабини келтирган.
Уларнинг таъкидлашича, толиблар нафақат бошқа этник гуруҳларнинг маънавий қадриятлари ва инсониятнинг тарихий ютуқларига эътибор бермаяпти, балки мамлакатнинг маданий ва тарихий ўзига хослигини йўқ қилиш ва камситиш билан ҳам шуғулланмоқда.
“Толибон” ҳаракати ма`мурияти ҳозирча бу воқеага изоҳ бермаган.
Маълум қилинишича, Алишер Навоий ҳайкали тахминан 17 йил олдин Мозори Шариф шаҳар ҳокимлиги томонидан шаҳарнинг учинчи туманидаги телекоммуникация чорраҳасида унинг хотирасига ўрнатилган эди.
Бундан олдин ушбу ҳайкалга қисман зарар етказилган эди.
Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Ахрор Бурхановнинг маълум қилишича, ҳолат ҳақида маълум бўлиши билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур масала юзасидан расмий изоҳлар олиш мақсадида Афғонистон ҳукумати вакиллари билан тезкор равишда боғланган.
“Олинган маълумотларга кўра, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги боис ёдгорлик маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташланган.
Шу билан бирга, ушбу бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмагани алоҳида таъкидланиб, афғон тарафи ҳолат юзасидан таассуф билдирган”, дейилади муносабатда.
Қўшимча қилинишича, Афғонистон ҳукумати вакиллари нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон халқи учун мўтабар бўлган Алишер Навоий хотирасини муносиб тарзда абадийлаштирилишини тасдиқлаб, буюк шоир ва мутафаккир шарафига алоҳида ёдгорлик барпо этишга ваъда берган. Жумладан, ҳудудни ободонлаштириш, шоир ҳаёти ва ижодий меросига оид маълумотларни ўз ичига олган ёзувларни тиклаш ҳамда амалдаги қарорларга мувофиқ янги ёдгорлик барпо этиш ҳамда у жойлашган майдонга буюк шоир Алишер Навоий номи қўйилиши режалаштирилганини маълум қилган.
2023 йилда “Толибон” Афғонистоннинг Балх вилоятида ўрнатилган Алишер Навоий ёдгорлигини бузиб ташлаганди.
Изоҳ (0)