Ўзбекистон Суперлигаси 20-тури доирасидаги яна иккита учрашув якунига етди. Улардан бири Фарғонада бўлиб ўтган бўлса, яна бирига Қаршидаги “Марказий” стадион мезбонлик қилди.

Ўзбекистон Суперлигаси
20-тур
“Нефтчи” — “Машъал” 3:0
Голлар: 1:0 — Кожо (34), 2:0 — Ғофуров (63), 3:0 — Кожо (70)
Суперлига 20-туридан ўрин олган марказий учрашувлардан бири Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтди. Унда мезбон “Нефтчи” жамоаси Муборакнинг “Машъал” клубини қабул қилди ва йирик — 3:0 ҳисобида зафар қучди.
Учрашувдаги ҳисоб 34-дақиқада фарғоналикларнинг қирғизистонлик легионери Жоэл Кожо томонидан очилди. Бу гол ҳужумчи учун “Нефтчи” сафидаги дебют голи бўлди.
Иккинчи бўлимда “Нефтчи” ҳужумларни янада кучайтирди ва 63-дақиқада тажрибали ҳимоячи Анвар Ғофуров жамоанинг иккинчи голига муаллифлик қилди. Орадан 7 дақиқа ўтиб, Жоэл Кожо ўз ҳисобига дублни расмийлаштириб, якуний ҳисобни ўрнатди — 3:0.
Мазкур натижа ўйин якунига қадар ўзгармади. Ушбу ғалабадан сўнг “Нефтчи” 42 очко жамғарган ҳолда онлайн турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. “Машъал” эса 18 очко билан 14-ўриндан жой олган.
Ўзбекистон Суперлигаси
20-тур
“Бухоро” — “Қўқон-1912” 1:0
Гол: 1:0 — Табатадзе (70)
Ўзбекистон Суперлигасининг 20-туридан ўрин олган навбатдаги учрашув Қаршидаги “Марказий” стадионда бўлиб ўтди. Унда “Бухоро” жамоаси “Қўқон-1912”ни қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Кескин ва муросасиз кечган беллашувдаги ягона гол 70-дақиқада Тома Табатадзе томонидан урилди. Грузиялик ҳужумчи Азизбек Омоновнинг зарбасини дарвоза томон буриб, жамоасига ғалаба келтирувчи голга муаллифлик қилди.
Мазкур натижадан сўнг “Бухоро” очколар сонини 17 тага етказди ва турнир жадвалида 15-поғонага кўтарилди. 18 очкога эга “Қўқон-1912” эса 13-ўринда бормоқда.
Изоҳ (0)