Суданнинг Эл-Фашер шаҳрида озиқ-овқат танқислиги оқибатида атиги бир ҳафта ичида, асосан аёллар ва болалардан иборат, 63 киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Arab News хабар берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 10 август куни ҳолат бўйича расмий баёнот берган. Унга кўра, бу рақам фақат шифохоналарга етиб келган беморларни ўз ичига олади. Қониқарсиз хавфсизлик шароитлари ва транспорт воситаларининг етишмаслиги сабаб кўплаб оилалар марҳумларни тиббий ёрдам сўрамасдан, бевосита дафн этган.
Таъкидланишича, Судандаги очарчилик қурбонлари сонини тасдиқлаш деярли имконсиз, чунки кўплаб тиббиёт муассасалари фаолиятини тўхтатган, мамлакатга ОАВ кириши эса чекланган. Авваллари аҳоли учун нажот бўлган жамоавий ошхоналар ҳозирда маҳсулот таъминоти йўқлиги сабаб деярли бутунлай ёпилган. Айрим оилалар ҳайвонлар емига ёки чиқинди овқатларга таяниб кун кечирмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, Эл-Фашерда 5 ёшгача бўлган болаларнинг қарийб 40 фоизи оғир, 11 фоизи эса ўткир тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. Августда авжига чиқадиган ёмғир мавсуми шаҳарга ёрдам етказишни янада қийинлаштирмоқда — йўлларда ҳаракатланиш ёмонлашиб, айрим ҳудудларга кириш деярли имконсиз бўлиб қолган.
Суданда 3 йилдирки давом этаётган уруш ўн минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлди, миллионлаб одамларни уй-жойсиз қолдирди. БМТга кўра, мамлакатда мисли кўрилмаган мажбурий кўчиш ва очарчилик инқирози юзага келган. Хусусан, Эл-Фашер 2024 йилнинг май ойидан буён парамилитар гуруҳ “Тезкор ёрдам кучлари” (ТЙК) ҳукмронлиги остида қамалда қолган. Гуруҳ 2023 йил апрелидан бери Судан армияси билан кураш олиб боради. Эл-Фашер армияда қолган сўнгги йирик марказ бўлиб, ҳудуд сўнгги кунларда йил бошида Хартумдан чиқиб кетган ТЙК томонидан яна ҳужумга учрамоқда.
Апрель ойида Эл-Фашер яқинидаги Замзам қочқинлар лагерига уюштирилган йирик ҳужум оқибатида ўн минглаб одамлар уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлган. Уларнинг аксарияти ҳозир Эл-Фашернинг ўзида бошпана топган.
Маълум қилинишича, бу ҳафта ТЙК Хартум ғарбидаги икки қишлоққа ҳужум қилиб, 18 нафар тинч аҳолини ўлдирган. Ҳужум Шимолий Кордофан штатида содир бўлган бўлиб, бу ҳудуд ТЙКнинг Ливиядан ёнилғи контрабанда қилиши учун муҳим йўл ҳисобланади. “Фавқулодда вазият бўйича юристлар” ҳуқуқ ташкилоти ҳужумда ўнлаб одамлар яраланганини, жароҳатланганлар Ал-Обеид шаҳрига даволаниш учун олиб кетилганини билдирган.
Изоҳ (0)