АҚШ президенти Дональд Трамп энергетикага бой учта Форс кўрфази давлатлари — Саудия, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига шу ҳафта ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Президент 13 май куни Саудия Арабистонига, сўнгра Қатарга, кейин эса Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюради. Сафар 16 майгача давом этиши кутилмоқда.
Ушбу давлатлар АҚШ президенти билан ижобий шахсий алоқаларни ўрнатган. Улар Ғазо, Украина ва Эрон масалаларини ҳал қилишда ўзларини асосий воситачи сифатида кўрсатиб, АҚШга триллионлаб сармоя киритишга ваъда бермоқда.
“Трамп Форс кўрфази давлатларидан анча фойда кўради. Улар АҚШ иқтисодиётига триллионлаб сармоя киритишга ва Америка қурол тизимларига улкан маблағ сарфлашга ваъда беришмоқда”, деди Баҳрайндаги Халқаро стратегик тадқиқотлар институти Яқин Шарқ сиёсати бўйича катта илмий ходими Ҳасан Алҳасан.
CNNʼнинг таъкидлашича, Форс кўрфази давлатлари Трампга “хушомад қилиш” билан АҚШнинг хавфсизлик ва иқтисодиёт соҳаларида ўз позицияларини мустаҳкамлашни режалаштирган.
Трамп президентликка қайтганидан бери Форс кўрфази давлатлари билан муносабатлар сезиларли даражада яхшиланди. Байден маъмурияти даврида ҳафсаласи пир бўлган Саудия Арабистони ва БАА ҳарбий, технологик ва иқтисодий алоқаларни диверсификация қилишга интилган.
Ҳозир дунёнинг энг қудратли давлати билан алоқаларни мустаҳкамлашнинг айни вақти, деди Абу Дабидаги Emirates Policy Center таҳлил маркази асосчиси ва президенти Эбтесам АлКетби.
2024 йили АҚШ ва Саудия Арабистони муҳим мудофаа ва савдо пактини имзоламоқчи бўлди, бироқ Саудиянинг Исроил ҳақидаги фикрлари келишувга тўсқинлик қилди. Қолган 2 давлат ҳам тарихда шунга ўхшаш муаммоларга дуч келган.
Трампнинг ташрифи бу уч давлат ва Қўшма Штатлар учун фойдали бўлган янги келишувлар имзоланишига туртки бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)