АҚШ Россия ва Украина ўртасидаги урушга аралашиб, жанговар ҳудудга қўшинларини юбориши мумкин. Бу ҳақда Вакиллар палатасида Демократик озчиликлар етакчиси Хаким Жеффрисга таяниб, CBS News хабар берди.
Украинанинг қулашига йўл қўя олмаймиз. Агар шундай бўлса, Америка нафақат пул, балки ҳарбий хизматчилар билан ҳам конфликтга аралашиши имконияти катта, — деди Жеффрис.
У агар Украина ғалаба қозонса, Россия президенти Владимир Путин “тўхтамаслиги” ва НАТО давлатларига таҳдид солишини айтди.
Ғарб давлатларидан Украинага қўшин юбориш ҳақида биринчи бўлиб Франция президенти Эммануэл Макрон гапирганди. У февраль ойи охирида тегишли муҳокамани бошлаб, “бугунги кунда бу масала бўйича консенсус йўқлигини” таъкидлаган.
Шундан сўнг Франция Украинага ўз ҳарбий контингентини юборишга тайёр давлатлар коалициясини тузган. Ушбу ташаббус Литва, Латвия ва Эстония томонидан қўллаб-қувватланган. Шунингдек, Польша коалицияга қўшилиш имкониятини истисно этмаган.
Май ойи бошида Макрон Украинага қўшин юборишнинг иккита шартини айтиб ўтди: Россия армияси фронт чизиғини ёриб ўтиши, Киев эса ёрдам сўраб тегишли сўров юбориши керак.
Шунингдек, Макрон Ғарб иттифоқчиларини бундай имкониятни истисно қилмасликка чақирди, чунки бу Европа Иттифоқи хавфсизлиги ва обрў-эътиборининг “асосий шарти” экани таъкидланди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, Вашингтон конфликт кучайиши эҳтимоли сабабли Украинага ҳарбийларни юборишга қарши. У президент Жо Байден шундай позицияда эканини айтган. Британия ташқи ишлар вазири Девид Кемерон ҳам Украинада Ғарб қўшинларининг мавжудлиги вазиятни янада оғирлаштиришини билдирган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча бундай қадамга эҳтиёж йўқ.
Украина президенти Владимир Зеленский март ойи ўрталарида “Украина туриб берар экан, Киевга конфликт зонасида хорижий қўшинлар керак эмас”, деди.
Ўз навбатида, Россия Украинада хорижий қўшинларнинг мавжудлиги НАТО билан муқаррар тўқнашувга олиб келишидан огоҳлантирган.
Бу тўлиқ миқёсли Учинчи жаҳон урушига бир қадам қолганини англатади, — деган Россия президенти Владимир Путин.
Изоҳ (0)