Ўзбекистонда тадбиркорлар учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга, бизнесни молиялаштиришнинг самарали воситаларини жорий этишга хизмат қилувчи қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, резидентлар ўртасидаги валюта операцияларига мижознинг (кредиторнинг) контрагенти норезидент бўлган тақдирда, кредит ташкилотлари томонидан пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш операциялари амалга оширилаётганда йўл қўйилиши белгиланди. Илгани бундай норма мавжуд эмас эди.
“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги қонунга Марказий банк, кредит ташкилоти бўлмаган шахслар томонидан ташкил этилган электрон факторинг платформаларининг ахборот тизимлари хавфсизлигига, киберхавфсизлигига ва уларни IT-аудитдан ўтказишга доир талабларни белгилаш ҳамда мазкур талабларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш каби ваколатларни белгиловчи қўшимча киритилди.
Шунингдек, Марказий банкнинг ички аудиторлик хизмати ўз фаолиятида Марказий банк бошқарувига ва Audiторлик қўмитасига ҳисобдорлиги белгиланди. Илгари фақат Audiторлик қўмитасига ҳисобдор бўлган.
Марказий банк қуйидагилар учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериши назарда тутилмоқда:
- кафолатлар бериш ташкилоти фаолиятини амалга оширишга;
- факторинг ташкилоти фаолиятини амалга оширишга
Қуйидаги фаолият (ҳаракатлар) турларини амалга ошириш учун бу ҳақда Марказий банкни хабардор қилиш талаби белгиланди:
- факторинг ташкилотининг филиалини очиш ёки ёпиш;
- жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан тегишинча яқин қариндошлари ҳамда улар билан боғлиқ бўлган шахслар билан биргаликда ҳаракат қилувчи жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек норезидентлар томонидан бир ёки бир нечта битим натижасида нобанк кредит ташкилотининг устав фондидаги (устав капиталидаги) 10 фоиздан 20 фоизгача ташкил этадиган улушини бевосита ёки билвосита олиш.
Қонунга мувофиқ, Фуқаролик кодексига пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш (факторинг) тўғрисидаги умумий қоидалар киритилди.
Факторинг ҳақидаги билдиришнома гаров реестрида рўйхатдан ўтказилгандан кейин пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш учинчи шахсларга нисбатан кучга эга бўлади. Факторинг шартномалари бўйича молия агентларининг талабларини қаноатлантириш тартиби белгиланди. Бунда, айнан бир мижоз томонидан айни бир пул талабномасидан ёки унинг бир қисмидан бошқа шахс фойдасига бир мартадан ортиқ воз кечиш амалга оширилган тақдирда, молия агентларининг талаблари навбат тартибида қаноатлантирилади.
Шунингдек, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар) қаторига қуйидагилар киритилди:
- Кафолатлар бериш ташкилоти фаолиятини амалга ошириш;
- Факторинг ташкилоти фаолиятини амалга ошириш.
Бундан ташқари, ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхатига қуйидагилар киритилди:
- нобанк кредит ташкилотининг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуш олинганлиги тўғрисида хабарнома;
- факторинг ташкилотининг филиалини очганлик ёки ёпганлик ҳақидаги хабарнома.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
Факторинг ҳақида
Факторинг — пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаштириш хизмати ҳисобланади. Факторингни молия агенти сифатида банклар ва бошқа кредит ташкилотлари тузиши мумкин. Факторингнинг бир қатор афзалликлари мавжуд, хусусан:
- гаров таъминоти талаб қилинмайди (гаров сифатида дебиторлик қарз қаралади);
- тадбиркорларнинг айланма маблағлари узлуксизлиги таъминланади;
- маблағларнинг мақсадли ишлатилиши талаб этилмайди.
Шавкат Мирзиёев 2024 йилда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказганида факторингни тадбиркордан гаров талаб қилмайдиган энг қулай инструмент деб атаганди. Халқаро молия корпорациясига кўра, Ўзбекистонда 10 миллиард долларлик факторинг хизматига талаб бор. Ҳозир бу хизматни фақат банклар, микромолия ташкилотлари кўрсатяпти.
Президент факторинг ташкилоти учун йўл очилишини, факторингни оммалаштириш ҳисобидан тадбиркорларга айланма учун 20 триллион сўм, экспортчи корхоналарга 1 миллиард доллар қўшимча молиявий ресурслар пайдо бўлишини қайд этганди.
Изоҳ (0)