Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро инвестиция форумида келажакка инвестиция киритиш: стартаплар, технология ва молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар бермоқда.
Сессияда келажакдаги иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни шакллантиришда стартаплар ва технологияларга инвестиция киритиш ҳақида сўз борди. Иштирокчилар инвестицияларнинг ҳозирги тенденциялари, стартапларнинг ўсиш истиқболлари, инновацион ва технологик ечимларнинг аҳамияти ҳамда ёш компанияларни молиялаштиришга турли ёндашувлар ҳақида сўз борди.
Киян Зандиенинг айтишича, 2020—2022 йиллар оралиғида Марказий Осиёда молиявий бозор ўсишни бошлаган.
Шу муддат оралиғида активлар ликвидлиги барқарорлашди. Лекин пандемия даврида инвестиция киритиш пасайиб кетди. Биз бундай вазиятларда ҳам қандай ривожланиш бўйича ўз дастурларимизни ишлаб чиқдик, — деди Киян Зандие.
Moдерaтор Тимоти Юн Amazon ва Google каби компаниялар кичик компанияларни “ютиб юбориш”ни бошлаганини таъкидлаб, мутахассислардан бу бўйича ўз фикрларини сўради.
Ражит Нанда бизнес компаниялари кичик компанияларни ютиб юборишни эмас, балки янги компаниялар яратиш устида иш бошлаганини таъкидлаб ўтди.
Биз аввал бошдан маълумотлар ишлаб чиқувчи сифатида сунъий интеллектга пул тика бошладик. Маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва уни сунъий интеллектда қўллаш кенг қамровли ишларни талаб қилади, — деди Ражит Нанда.
Ванг Шун Ли эса компания йиллик даромадининг 10 фоизини иккита йўналишга ажратишини маълум қилди.
Булардан бири — қобилиятли ёшларга. Чунки узоқ муддатли технологик ечимларимиз ёш авлоднинг билимига боғлиқ бўлади. Биз сотиб олишга эмас, стартапларга кўпроқ эътибор қаратамиз, — деди Ванг Шун Ли.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро инвестиция форумида сессиялар бугун, 3 май куни ҳам ўз ишини давом эттиради.
Изоҳ (0)