Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги боғчада болага куч ишлатилгани аниқланди. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Болалар омбудсманининг хабар беришича, воқеа 30 апрель куни соат 11:00 да Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 512-сонли мактабгача таълим муассасасида содир бўлган.
11-гуруҳ тарбиячиси Н.Т. гуруҳда тарбияланувчилардан бирининг туғилган кунини нишонлаш жараёнини видеога олаётганида 5 ёшли боланинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, бош қисмига бир неча маротаба қўли билан урган.
“Мен бу ерда видео қиляпман, сен нега маймунга айланяпсан?” — дея танбеҳ берган тарбиячи болага.
Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни ўз кузатувига олди. Прокуратура томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал пойтахтнинг Юнусобод туманидаги боғчада тарбиячи болани қўрқитиб, куч ишлатгани аниқланганди. Ушбу тарбиячи ишдан бўшатилган.
Изоҳ (0)