Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги боғчада тарбиячи болани уриб, ҳожатхонага қамаб қўйгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолат назоратга олинганини маълум қилди.
Аниқланишича, воқеа Чирчиқ шаҳридаги хусусий мактабгача таълим муассасасида 8 февраль куни содир бўлган. Боғча тарбиячиси оилавий сабабларга кўра асабий ҳолатда бўлганлиги туфайли тушлик пайтида ухлай олмай йиғлаётган болага бир неча бор қаттиқ бақириб, сўнг болани уриб ҳожатхонага қамаб қўйган.
Ҳозирда мазкур тарбиячи Меҳнат кодексининг 161-моддасининг 5-банди (ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилиш) асосида лавозимидан озод этилган.
Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда ва тарбиячининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
“Тарбиячи томонидан бу тарздаги жазо усулини қўлланилиши боланинг манфаатларига мутлақо зиддир. Боланинг руҳий-эмоционал соғлиғига, шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи бундай ҳаракатлар жавобсиз қолиши мумкин эмас!”, — дейилади хабарда.
Болалар омбудсмани мазкур факт бўйича боланинг қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан ўз кузатувини қатъий давом эттиришини қўшимча қилди.
Изоҳ (0)