Ижтимоий тармоқларда Кармана туманидаги Мирзачорбоғ саройи маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган бўлса-да, ҳали ҳам қаровсиз қолаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат Маданий мерос агентлиги Навоий вилоят бошқармаси томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижаларига кўра маълум қилинишича, ҳозирги кунда ушбу объектда таъмирлаш-тиклаш ишлари учун ажратилган маблағлар белгиланган тартибда молиялаштирилиб, Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги “Маданий мерос объектлари реставрацияси” дирексия маркази ҳамда пудратчи ташкилот ўртасида шартномалар тузилиб, таъмирлаш ишлари лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида амалга оширилмоқда.
Ёдгорликнинг мураккаблик даражаси ҳамда унинг кўламини инобатга олган ҳолда мазкур объектни топшириш ишлари 2025 йилнинг IV-чорагига режалаштирилган.
“Маданий мерос агентлиги бу каби ҳолатларга кенг жамоатчиликнинг бефарқ эмаслиги ҳамда маданий мерос объектларини асраб-авайлашга ўз ҳиссаларини қўшаётганликлари учун ўз миннатдорчилигини изҳор этади”, — дейилади муносабатда.
Бухоро амирларидан бири Сайид Абдулаҳадхоннинг ёзги қароргоҳи “Мирзачорбоғ” Навоий вилояти Кармана тумани “Кўҳнақўрғон” МФЙ ҳудудида жойлашган. Маскан Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан 1900–1905 йилларда барпо этилган. Маданий мерос объекти таъмирталаб аҳволга келиб қолган, шу сабабли ҳам Маданият вазирлиги томонидан 2020 йилда маданий мерос объектларни таъмирлаш-тиклаш дастурига киритилган эди. 2021 йилнинг августида расмийлар ушбу объект реставрация учун бюджетдан 3,1 миллиард сўм ажратилганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)