БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси Исроил расмийларининг Al Jazeera телеканалини мамлакатда эфирга узатилишини тақиқлаши ҳақидаги қарорини танқид қилди.
БМТ бош котиби вакили Стефан Дюжаррик ташкилот ОАВ эркинлигини чекловчи ҳар қандай қарорга қарши эканини маълум қилди.
“Исроил Вазирлар маҳкамасининг мамлакатдаги Al Jazeera телеканалини ёпиш қароридан афсусдамиз. Ғазодан репортаж тайёрлаш бўйича қатъий чекловлар бўлган бир пайтда эркин ва мустақил оммавий ахборот воситалари шаффофлик ва жавобгарликни таъминлашда зарурдир. Фикр эркинлиги инсоннинг асосий ҳуқуқидир. Биз ҳукуматни тақиқни бекор қилишга чақирамиз”, — дейилади БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси баёнотида.
Дюжаррик ҳам худди шундай фикрни билдирди. Унинг сўзларига кўра, БМТ “матбуот эркинлигидан узоқлашишга қаратилган ҳар қандай қарорга кескин қарши”.
Al Jazeera телеканалининг Исроилда ёпилиши
5 май куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳукумат Al Jazeera телеканалини мамлакатда кўрсатишни тақиқлашга қарор қилганини айтди.
Эндиликда телеканалнинг Қуддусдаги офиси ёпилади, трансляция ускуналари мусодара қилинади ва канал веб-сайтига кириш блокланади. Телеканалнинг эфирга узатилиши тақиқлангани ҳақидаги хабарлардан кўп ўтмай, Al Jazeera’нинг Қуддусдаги офисида тинтувлар ўтказилди.
Times of Israel газетасининг хабар беришича, полиция журналистларнинг жиҳозлари ва мобил телефонларини тортиб олган. Al Jazeera адвокатлари эфирни тақиқлаш қарори устидан шикоят қилишга тайёрланмоқда.
Al Jazeera телеканали Исроилнинг қарорини “жиноий акт” деб атаган
“Ажабланарлиси шундаки, бутун дунё Жаҳон матбуот эркинлиги кунини нишонлар экан, Исроил ҳукумати Al Jazeera телеканалининг офисларини ёпди ва сўз эркинлигининг умумеътироф этилган асосларини эътиборсиз қолдириб, жамоатчиликни телеканал контентидан маҳрум қилди. Al Jazeera медиа тармоғи инсон ҳуқуқлари ва ахборотга киришнинг асосий ҳуқуқини бузувчи ушбу жиноий актни кескин қоралайди”, — дейилади Қатар холдинги баёнотида.
Изоҳ (0)