“Янгиобод” бозори ўзининг шовқин ва тартибсиз, аммо носталгияга чорловчи муҳити билан машҳур. Антиквар буюмлар сотиладиган бўлим эса савдо масканининг ўзига хос ташриф қоғози. Одамлар бу ерга болалигини ёдга олиш, фарзандларига ўзлари яшаб ўтган ҳаётнинг бир қисмини кўрсатиш учун ҳам кўпроқ келишади.
Бўлимда узоқ йиллардан буён меҳнат қилаётган Абдурашид Мадбабаев ҳақидаги материалимни тайёрлаш жараёнида унинг шогирди 11 ёшли ҳаваскор фотограф, истеъдодли Самира билан ҳам яқиндан танишиш истаги туғилди. Самира ҳафтанинг якшанба кунлари Абдурашид акага ёрдамга келади. Бу мулойим овозли, ниҳоятда самимий, очиқкўнгил қизалоқнинг ҳар бир айтган гапи болаларча беғуборлиги баробарида катталарга хос ўйчанлик ҳамда теранлиги билан мени лол қолдирди. Ва уларнинг барчасини ҳеч бир қисмини ўзгартирмасдан ҳавола қилдим.
Абдурашид Мадбабаев, Самиранинг устози
Самира 5 ёшидан бошлаб расм олади. Айниқса, карантин пайтида одамларнинг кўчадаги ҳаракатлари чекланган пайтларда биз асосан уйимиз олдидаги манзараларни кадрларга туширардик. Пейзаж, кўчада юрган уй ҳайвонлари, қуёш чиқиши ва ботиши каби манзараларни олардик. Милиция ходимлари юриб назорат қилишганида ҳам бизнинг расм олиш жараёнимизга қизиқиб қараб ўтиб кетишар эди. Ҳозир келаётган аксарият харидорларим орасида фотографлар бор. Улар Самира ҳақида эшитиб ъбирор фото тўгаракка беринг, ўргансинъ, дейишади. Лекин менинг асосий вақтим бозорда, савдода ўтаётгани сабаб уни алоҳида олиб юришга имконим камроқ. Самира портретларни яхши олади, деб ўйлайман. Бир куни инглиз сайёҳи келганида Самира уни расмга олган эди. Кейинроқ у айнан шу кадрни Instagram профилига қўйди ва ъбу менинг энг яхши расмимъ, деб айтди. Биз унинг Гарвард университети докторанти эканлигини кейинроқ билдик.
“Тасодифий кадрларни яхши кўраман”
Мен Ҳасанова Самира, 11 ёшдаман. Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги 212-умумий ўрта-таълим мактабида ўқийман. Оилада 4 кишимиз. Ота-онам, мен ва укам. Укам ҳозирда бувим билан яшайди, у 8 ёшда.
Фотография билан 5 ёшимдан бери шуғулланаман. Қўшнимиз, устозим Абдурашид Мадбабаев, бу борада мени қўллаб-қувватлаб, ўзларида бор барча фотоаппаратларни ишлатишга рухсат берганлар. 2020 йили карантин бошланганида кўпроқ ижод қилиб, тажриба тўпладим. Масалан, уйдаги гуллар, дугоналарим, кўчада кўрган ҳамма нарсаларимни суратга олдим. Бу менга кейинроқ янаям яхшироқ расмлар олишда қўл келди. Фотографийда тасодифий кадрларни яхши кўраман. Агар олган кадрим биттада ўхшамаса, уни ўчириб янгидан оламан. Баъзан 3-4 та дубль қилишга тўғри келади. Одамлар менинг расмга тушираётганимни сезишмаса зўр. Лекин ъмени суратга олиб қўйъ, деб илтимос қилишса ҳам ёқади. Демак, улар менга ишонади. Аммо фотоаппаратимни бошқаларнинг қўлига бергим келмайди. Камерамни ҳаммадан қизғонаман, ҳатто энг яқин одамларим сўрашса ҳам, озроқ ўйланиб кейин беришим мумкин. Менимча, бу кўпчилик фотографларда кузатилса керак.
“Келажакда Sony фотоаппаратига эга бўлишни орзу қиламан”
Менга рангли кадрлар олиш ёқади. Лекин ҳали фотоларни таҳрирлашни билмайман. Уйдаги компьютерим эски, унда ишлаш қийин. Бир кун келиб янги компьютер олсам, фотоларни таҳрирлашни ўрганиб оламан, деб мақсад қилганман. Ҳозир эски Canon 7Д фотоаппаратини ишлатяпман, келажакда замонавий Sony фотоаппаратига эга бўлишни орзу қиламан.
“Тажриба тўплаш учун шашка мусобақаларини расмга оламан”
Тажриба тўплаш учун “Ўзбекистон ногиронлар шашка федерацияси”га кўп бораман. У ерда болаларнинг шашка мусобақаларини суратга оламан. Ўйин жараёни, уларнинг ҳиссиётларини кадрга тушириш жуда мароқли. Кўпчилиги кадрга туриб беришади, расмга тушишни ёқтиришади. Аммо айримлари расмга тушишдан қочишади. Бошқа жойларга қараб ёки юзларини ёпиб олишади. Шундай вазиятларда мен уларни тушунаман ва кадр олмайман. Суратга олиш жараёним қандай бошланади? Одатда мен устозим билан тадбир жойига эртароқ бораман. Ҳали ҳеч ким келмаган бўлади. Фотоаппаратимни ҳозирлайман, ҳамма созламаларини текшираман. Устозим ъҳозир автобусда болалар келишади, сен уларнинг тушиб келиш жараёнини ҳам расмга олгин, ҳар бир ҳаракатларни кадрга муҳрлаъ, деб айтадилар. Мен тадбирни бошидан охиригача узмасдан суратга оламан. Ҳар бир партия, тушлик, болаларнинг суҳбатларини кадрларга муҳрлайман. Биз тахминан 3-4 соат у ерда вақт ўтказамиз. Айтишим керакки, бундай тадбирлар менга жуда ёқади.
“Хитой тилини мустақил ўрганяпман”
5 йилдан буён ҳар якшанба куни Янгиобод бозорида устозимга ҳамроҳлик қиламан. Уларнинг савдолашишларини кузатаман, сайёҳлар билан суҳбатлашаман, турли-туман одамларнинг қиёфаларини суратга оламан, харидорлар келмаган пайти улар менга ҳар хил фотоаппаратларнинг ишлашини кўрсатадилар, созламаларини ўрганаман. Менга сайёҳлар билан суҳбатларимиз жуда ёқади. Улар билан инглиз ёки хитой тилида суҳбатлашаман. Хитой тилига жуда қизиққаним учун уйда мустақил равишда Ёутубедан “Хитой тили нолдан”, деган дастурларни ўрганяпман. Шунинг учун озроқ биламан. Сайёҳлар кўпроқ менинг ҳаётим, машғулотларим ҳақида саволлар беришади. Фотографлар ҳам келишади, уларга ўз-ўзидан, менинг фотографиядаги ишларим қизиқ.
Самиранинг ижодидан намуналар
Тасвирий санъат ва пазандачилик
Мен учун расм чизиш – бу ҳаётимнинг ажралмас қисми, севимли хоббиларимдан бири. Асосан одамларни чизишни яхши кўраман. Ҳозирча мустақил шуғулланяпман, ҳали кўп нарсаларни ўрганишим керак. Баъзан 20 дақиқа чизсам, бошқа вақтлар 3-4 соат давомида ижод қиламан. Айниқса, дугоналарим билан бирга вақт ўтказсам, ижод қилиш анча мароқли бўлади.Яна таом тайёрлашни ёқтираман, айниқса салатлар. Оливье – менинг энг севимли салатим. Онам бу борада мени қўллаб-қувватлайди ва ъўрганъ дейди. Палов, қозон кабобни севаман. Яна, барча шоколадли ширинликлар, шоколадли торт, шоколадли пишириқлар, шоколадли вафлилар ва барча шоколадлар, конфетларни яхши кўраман.
Дўстлар ва спорт
Дўстларим кўп – қўшниларим Дилсора, Гўзал, Шаҳризода, Дурдона ва синфдошим Муҳаббат. Улар билан қувноқ ва самимий суҳбатлар қиламиз, баъзан қувлашмачоқ ўйнаб, арғимчоқда учамиз.Баскетбол – менинг севимли спорт турларимдан бири. Аввалроқ машғулотларга қатнаганман, лекин ҳозирча шароитим сабаб тўхтаганман. Тез орада яна бошлайман, деб умид қиламан.
Энг, энг, энг...
Ҳар бир куним янги нарсаларни ўрганиш ва ижод қилишга интилиш билан ўтади. Шанба менинг энг севимли ҳафта куним, чунки якшанба куни эрталабдан мактабга бориш шарт эмас. Энг ёмон кўрган куним душанба.
Энг севимли фаслим эса ёз. Таътил, иссиқ ҳаво, енгил кийимлар, кечгача кўчада ўйнаш имконияти менга завқ бағишлайди.
Энг катта бахт бошқаларни бахтли қилиш имконияти. Масалан, кимгадир совға бердим, у одам хурсанд бўлди. Мен бундан икки баравар кўпроқ қувонаман, ўзимнинг меҳрибон инсон эканлигимдан фахрланаман.
Энг севимли жониворим Муся лақабли итим. Ўзи умуман, мушук ва итларимиз кўп эди. Лекин менинг Мусяга муҳаббатим бўлакча эди. У билан сайр қилиш, овқатлантиришни ёқтирардим. Афсуски у ҳозир биз билан эмас.
Орзулар
Учишни, кўринмас одамча бўлиб дунё кезишни, осмондан туриб турли давлатлар, шаҳарларни томоша қилишни орзу қиламан. Агар шунақа супер-қобилиятим бўлганида, жуда зўр бўлар эди. Ёки сеҳрли таёқчам бўлса, биринчи навбатда барча одамлар бой бўлишлари ва алкоголь дўконлари ёпилишини истардим. Менимча, зарарли ичимликлар бўлмаса, одамлар соғлом ва бахтли бўлишарди. Одамларнинг бахтли бўлишини жуда истайман.
Мақсадлар
Келажакда бош ошпаз ва фотограф бўлишни мақсад қиляпман. Ёки иккисини бирлаштириб food-блогер бўламан. Хитойга бориб, у ердаги маданият ва табиатни суратга олишни хоҳлайман. Ўзимга эса замонавий фотоаппарат ва янги компьютер сотиб оламан, чунки профессионал фотографга кучли техникалар зарур. Қисқаси, келажакда дунё кезиб профессионал фотограф ва food-блогер бўлмоқчиман.
Изоҳ (2)
E qoyil! Gap yoq. Barakalla. Shunaqa mehnatga va ijodga chanqoq yoshlarimiz kopayaversin ilohim. Yangaobodning antikvar rastalari ham Samira tufayli butun dunyoga reklama bolibdi. Balki kelajakda bu rastalar ham rekonstruksiya qilinib ajoyib marketplacega aylanib ketadi deb umid qilamiz. Bravo!!!
Shunaqa kichkina qizchani deyarli har bir taraflama qiziqishlari borligi, intilishlari ba fikirlashiga ajablanmasdan ilojisi yoq. Bu qizni korib togrisi ilhomlandim , kelagakda buyuk fotograf bola bolishiga chin qalbdan ishonaman. Madina Nurmanga ham rahmat ozi maqolalarini oqimayman lekin boshidan ozgina oqib qiziqib ketim va qanday qilib oxiriga kelganimi sezmay qoldm.