Франция президенти Эммануэл Макрон сентябрь ойида Фаластин давлатини расман тан олишини маълум қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Франциянинг Фаластинни тан олиши ҳақида Макрон сентябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган БМТ Бош ассамблеяси сессиясида расман эълон қилинишини айтган. Бу билан Франция G7 давлатлари ичида Фаластин давлатчилигини тан олган биринчи мамлакат бўлади. 24 июль куни Хʼдаги постида Макрон шундай деб ёзган:
“Бугунги куннинг долзарб талаби Ғазодаги урушнинг тугатилиши ва тинч аҳолининг қутқарилишидир. Тинчликка эришса бўлади. Зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, барча гаровга олинганларни озод қилиш ва Ғазо аҳолисига оммавий гуманитар ёрдам бериш лозим. Яқин Шарқда адолатли ва барқарор тинчликка бўлган тарихий содиқлигимга амал қилган ҳолда, мен Франция Фаластин давлатини тан олишига қарор қилдим... Биз, шунингдек, ҲАМАСнинг қуролсизланишини кафолатлашимиз, Ғазони хавфсиз ҳудудга айлантиришимиз ва қайта тиклашимиз керак. Фаластин давлатини қуриб, унинг ҳаётийлигини таъминлаб, Яқин Шарқдаги барча давлатларнинг хавфсизлигига ҳисса қўшишимиз талаб этилади. Бошқа йўл йўқ”.
Маълумот учун, G7 йирик саноатлашган давлатлар гуруҳи бўлиб, унга Франция билан бир қаторда АҚШ, Буюк Британия, Италия, Германия, Канада ва Япония киради.
Франция раҳбари Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббосга унинг қарорини тасдиқловчи мактубни ҳам илова қилган. Макроннинг баёнотига жавоб тариқасида Аббоснинг ўринбосари Ҳусайн Ал-Шайх шундай деди:
“Бу позиция Франциянинг халқаро ҳуқуққа содиқлигини тасдиқлайди. Шунингдек, ушбу қарор Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ва мустақил давлатимизни барпо этишни қўллаб-қувватлашни акс эттиради”.
Фаластин расмийлари Макроннинг қарорини олқишлаган бўлса, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху бу қадам “террорни мукофотлаш” эканини айтди. АҚШ давлат котиби Марко Рубио Макроннинг баёнотини қатъиян рад этиб, унинг қарорини бепарволикка йўйди. Нетаньяху Хʼда шундай пост қолдирди:
“Биз президент Макроннинг Фаластин давлатини тан олиш қарорини кескин қоралаймиз. Фаластин бундай шароитда Исроилни йўқ қилишга ҳаракат қилади, унинг ёнида тинч яшамайди. Аниқроқ айтадиган бўлсам, фаластинликлар Исроилниг ёнида алоҳида давлат бўлишни эмас, балки Исроилнинг ўрнига давлат бўлишни истайди”.
Бугунги кунда Фаластин давлати БМТга аъзо 193 давлатнинг 140 дан ортиғи томонидан тан олинган. Европа Иттифоқининг бир неча давлатлари, жумладан, Испания ва Ирландия шулар жумласидандир. Аммо Исроилнинг асосий ҳамкори АҚШ ва унинг иттифоқчилари, жумладан, Буюк Британия Фаластин давлатини тан олмаган.
Изоҳ (0)