Дональд Трамп президент сифатида қасамёд қилган куни Хитойда маҳаллий DeepSeek чатботи намойиш этилди. Ўзининг ChatGPT платформаси учун миллиардлаб доллар сармоя жалб этган OpenAI’дан фарқли, хитойликлар арзон муқобил топишди. Бу эса АҚШ фонд бозорига салбий таъсир қилди. Боиси инвесторлар мамлакат сунъий идрок борасида ўзининг стратегик рақибидан кескин олдинлаб кетмагани, орадаги фарқ кутилганидан анча қисқа эканини билиб олди.

Оқ уйнинг янги раҳбари масалага муносабат билдириб, буни АҚШ учун сигнал сифатида баҳолади. Конгресснинг разведка қўмитаси раис ўринбосари Марк Уорнер эса DeepSeek’нинг муваффақияти 18 та агентлик ва ташкилотдан иборат тизим – Америка разведка ҳамжамияти учун “кутилмаган янгилик” бўлганини таъкидлади.
Бундан аввалроқ Байден маъмурияти ҳам Хитой жосуслари ва аскарлари сунъий идрок борасида америкаликлардан илгарилаб мумкинлигидан хавотир билдирган эди. Шу боис разведка агентликлари, Пентагон ва ядро қуроллари ишлаб чиқарувчи Энергетика вазирлигига илғор моделлар устида фаолроқ тажриба ўтказиш топшириғи берилди. Шунингдек “frontier” AI лабораториялари, масалан Аnthropis, Google DeepMind ва OpenAI билан яқиндан ҳамкорлик қилиш йўлга қўйилди.
Шу мақсадда Пентагон Anthropis, Google, OpenAI ва Илон Маскнинг хAI компанияси билан ҳар бири 200 миллион долларгача бўлган шартномалар имзолади. Айниқса, улардан охиргиси фойдаланувчи номидан мураккаб вазифаларни бажариши, автомобиллар ёки компьютерлар каби қурилмаларни бошқариши мумкин.

Frontier лабораториялар фақат армияда эмас, балки жосуслик дунёсида ҳам мустаҳкам ўрнашмоқда. Улар қўлланилган дастлабки кейс махфий маълумотларни қайта ишлашдир. Жорий йил январида Microsoft компанияси ўзининг янги маҳсулотидан разведка агентликларида фойдаланиш учун рухсат олинганини билдирди. Июнь ойига келиб эса Anthropis Claude Gov’ни ишга туширди. У “АҚШ миллий хавфсизлигига масъул энг юқори даражадаги агентликлар томонидан аллақачон қўлланилаётгани” айтилган.
AI компаниялари одатда ўз моделларини “spooks” (махфий хизматлар) эҳтиёжига мослаштиради. Масалан, Anthropis’нинг жамоатчилик учун чиқарилган Claude модели махфий белгиларга эга ҳужжатларни рад этиши мумкин. Аммо Claude Gov бу чекловлардан холи ва давлат фойдаланувчилари учун зарур “кучайтирилган қобилиятлар”га эга. Бундай моделлар одатда глобал тармоққа уланмаган хавфсиз серверлар орқали ишлайди.
Шунга қарамай, собиқ мудофаа ва разведка расмийси Катрина Муллиган бу соҳада тараққиёт секин бораётганини айтади. У, шунингдек АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги сунъий идрокнинг овоз таниш каби элементар функцияларидан ўн йиллардан бери фойдаланиб келаётганини таъкидлади.
Сунъий интеллект: жосуслик ўйинлари
Сунъий идрок бўйича британиялик мутахассис Ричард Картернинг таъкидлашича, ҳали бу борада қилинадиган ишлар кўп. У АҚШ ва Британия разведка хизматлари компаниялардан сунъий идрок тизимларида учрайдиган “hallusinasiya”, соддароқ айтганда, аслида йўқ маълумотларни бордек кўрсатиш ҳолатларини камайтиришни сўрамоқда.
“Разведка ҳамжамиятида сизга изчиллик, ишончлилик, шаффофлик ва тушунтирилиш зарур,” дейди у.
Бунга мисол сифатида Мistral стартапи келтирилади. Қайд этилишича, у ҳар бир маълумот оқими, масалан, сунъий йўлдош суратлари ёки овозли сигналларни битта AI агентга бириктиради. Бу эса, ўз навбатида, қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштиради.
“Ёки бошқа мисол: юзлаб эронлик ядро физикларини аниқлаш, ўрганиш ва кейин уларга мурожаат қилиб, қочишга ундаш вазифаси юкланган AI агентини тасаввур қилинг. Улар уруш контекстида қандай қўлланиши ҳақида етарлича ўйламаганмиз,” деган мутахассис.
Бироқ Картер AI агентлар юклатилган вазифани осонлаштириш учун ўз “промпт”ларини яратишидан огоҳлантирди. Мутахассис бу уларни янада ноаниқ қилиши ва хатоликлар хавфини оширишини маълум қилди. Мисол учун, OpenAI’нинг ChatGPT платформаси тахминан 8 фоиз жавобларда hallusinasiyaга йўл қўяди.
Ғарб мутахассислари орасида Хитой олдинлаб кетганига ишонадиганлар ҳам бор. Силикон водийсида жойлашган Institute for Security and Technology вакили Филипп Райнер шулар жумласидан.
“Биз ҳали ҳам Хитой DeepSeekъни ҳарбий ва разведка мақсадларида қандай ва қай даражада қўллаётгани ҳақида тўла тушунчага эга эмасмиз. Уларда, эҳтимол, бизнинг моделларимиздаги каби чекловлар йўқ. Шу боис хитойликлар тезроқ ва яхшироқ натижалар олишлари мумкин”, деган у.
Масалага Трамп маъмурияти ҳам эътибор қаратди. Оқ уй 23 июль куни Пентагон ва разведка агентликларига маҳаллий хавфсизлик идоралари сунъий идрокдан қанчалик жорий этганини ўрганишни ва натижаларни Хитой каби рақобатчилар билан таққослашни буюрди.
Изоҳ (0)