“Юксалиш” ҳаракати томонидан бирламчи тиббиёт муассасаларида коррупциявий омилларни аниқлаш бўйича сўров ўтказилди.

Унда жами 4 821 нафар респондент қатнашиб, шундан 1968 нафарини аҳоли ва 2853 нафарини тиббиёт муассасаси ходимлари ташкил этди. Сўровнинг асосий мақсади — аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида мавжуд коррупцион омилларни аниқлаш, шунингдек, уларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Аҳоли ўртасида сўровнома
Бу сўровномада 1 968 киши иштирок этди. Уларнинг 49 фоизи шаҳар жойларида, 51 фоизи эса қишлоқ жойларида яшовчи аҳолидан иборат. Иштирокчиларнинг 57 фоизини аёллар, 43 фоизини эркаклар ташкил этди. Респондентларнинг 41 фоизи 31-45 ёшдагилар, 27 фоизи 18-30 ёшдагилар, 21 фоизи 46-55 ёшдагилар, 9 фоизи 56-64 ёшдагилар ва 2 фоизи 65 ва ундан юқори ёшдагилар бўлди.

Иштирокчиларнинг 65 фоизи поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида тиббий хизматлардан фойдаланишда тиббиёт ходимига пул ёки совға (шифокор қабулига тезроқ кириш, яхшироқ муомала ёки маълумотнома (справка)/меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олиш мақсадларида) бермаганини билдирган. 15 фоиз респондент эса бепул тиббий хизматдан фойдаланишда тиббиёт ходимларига пул ёки совғалар берганини таъкидлаган. Шунингдек, 14 фоиз респондент бу каби ҳолатларни эслай олмаслигини, 6 фоизи ушбу саволни жавобсиз қолдиришини билдирган.
Юқоридаги саволга ижобий жавоб берган респондентларнинг
- 152 нафари бу ҳолатда ўзи ташаббускор бўлганини,
- 93 нафари тиббиёт ходимлари сўрагани ёки шама қилганини,
- 49 нафари бу ҳолат ҳар икки томоннинг ўзаро розилиги билан амалга оширилганини билдирган.
Сўров натижаларига кўра, 37 фоиз иштирокчи бепул тиббий хизмат учун миннатдорлик сифатидаги коррупциянинг энг кўп тарқалган кўриниши совға ёки пул бериш эканлигини, 26 фоиз респондент хизмат учун яширинча пул олиш кўринишида ва 5 фоизи бошқа кўринишларда кузатилиши ҳақида фикр билдирган бўлса, иштирокчиларнинг 30 фоизи тизимда коррупция йўқлигини таъкидлаган. 2 фоиз респондент ушбу саволни жавобсиз қолдиришни маъқул деб топган.

Шу билан бирга, “Нималар соҳада коррупцияни келтириб чиқарувчи асосий омиллар ҳисобланади?” деган саволга иштирокчиларнинг 45 фоизи бирламчи тиббиёт муассасалари ходимларининг ойлик маошининг пастлиги, 36 фоизи одамларнинг ўзлари, 23 фоизи тизимда коррупцияга қарши курашиш бўйича тарғиботнинг сустлиги ва 22 фоизи соҳанинг тўлиқ рақамлаштирилмаганини таъкидлаган. Сўровноманинг мазкур саволида респондентларга бир нечта жавобларни белгилаш имконияти тақдим этилган.
Тиббиёт ходимлари ўртасида сўровнома
Унда 2 853 нафар бирламчи тиббиёт муассасаси ходими иштирок этди. Респондентларнинг 75 фоизи аёллар, 25 фоизи эркаклардан иборат. Сўровномада иштирок этган тиббиёт ходимларининг 66 фоизи ҳамширалар, 16 фоизи шифокорлар, 8 фоизи кичик тиббий ходимлар, 10 фоизи бирламчи тиббиёт муассасалари раҳбар лавозимларида ва бирламчи тиббиёт муассасаларида бошқа лавозимларда банд бўлганларни ташкил этди. Респондентларнинг 57 фоизи Оилавий поликлиникаларда, 22 фоизи Оилавий шифокорлик пунктларида ва 21 фоизи бошқа муассасаларда фаолият юритувчи тиббий ходимлардан иборат.
-eI8EFlT3.avif)
Сўровнома иштирокчиларининг 36 фоизи ўзлари ишлайдиган тиббиёт муассасаларидаги умумий меҳнат шароитларидан тўлиқ қониқишини билдирган. Уларнинг 40 фоизи яратилган шароитлардан қисман, 15 фоизи умуман қониқмаслигини маълум қилган. Шунингдек, 9 фоиз иштирокчилар ушбу саволга жавоб беришга қийналишини билдирган.
Респондентларнинг 57 фоизи бирламчи тиббиётда коррупция умуман йўқлигини, 13 фоизи Оилавий поликлиникалар ва Оилавий шифокорлик пунктларида ишга киришда, 8 фоизи юқори турувчи ташкилотлардан келган комиссияни “рози” қилишда, 6 фоизи меҳнатга лаёқатсизлик варақасини беришда, 5 фоизи беморларни тиббий кўрикдан ўтказишда ва 5 фоизи клиник даволанишга ордер бериш муносабатларида кўпроқ учрашини маълум қилган. 6 фоиз респондент ушбу саволни жавобсиз қолдиришни маъқул деб топган.
Бирламчи тиббиёт муассасаларида беморлар ёки уларнинг яқинлари томонидан тиббий хизмат учун норасмий “миннатдорчилик” (пул ёки совға) бериш ҳолатлари учраб туришини билдирган респондентларнинг 38 фоизи тизимдаги бу каби норасмий миннатдорчилик тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари пастлиги сабабли, 36 фоизи аҳолининг ўзида “шундай қилиш керак” деган тушунча шаклланиб қолгани сабабли, 17 фоизи шу орқали хизмат сифатини яхшилашга умид қилиши туфайли ва 9 фоизи бошқа (хизматимиздан мамнун бўлгани учун, соғайиб кетганликлари учун хурсандчиликдан, кейинги сафар жой йўқ, деб қайтармаслик ва яхши хизмат кўрсатиши учун, беморга қилинган чиройли муомала ва сифатли тиббий хизмат учун, тиббиёт ходимининг ташаббуси ва талаби) сабабларни асосий омил сифатида кўрсатган.

Сўровнома натижалари
Ўтказилган сўровнома аҳоли орасида бепул тиббий хизмат учун миннатдорчилик сифатида пул ёки совға бериш каби норасмий тўловларнинг мавжудлигидан далолат берган. Аҳоли ҳам, тиббиёт ходимлари ҳам коррупциянинг асосий омили сифатида паст ойлик маошларни кўрсатган.
“Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳаси томонидан ўтказилган тадқиқотда жамоатчилик ва ҳукуматнинг коррупцияга муносабати баҳоланганда аксарият кишилар совға беришни коррупция эмас, миннатдорлик деб билиши маълум бўлганди.
Изоҳ (0)