Иқтисодиёт ва тинчлик институти дунёнинг 99,7 фоиз аҳолиси истиқомат қиладиган 163 мамлакатни қамраб олган навбатдаги «Тинчликсеварлик глобал индекси»ни (Global Peace Index 2019) эълон қилди.
Исландия ушбу рейтингда 2008 йилдан бери эгаллаб келаётган етакчилик ўрнини бу гал ҳам ҳеч кимга бермади. Биринчи бешликда Янги Зеландия, Португалия, Австрия ва Дания ҳам қайд этилди.
Афғонистон охирги, 163-ўринни эгаллаган бўлса, Сурия уч йил ичида илк бор охиридан бир поғона илгарилади. Жанубий Судан (161), Яман (160) ва Ироқ (159) ҳам индекснинг қуйи ўринларини банд қилди.
Ўзбекистон жамиятнинг жипслашуви, инсон ҳуқуқларига риоя этилиши, сиёсий ва иқтисодий барқарорлик, террорчилик таҳдиди, жанговар ҳаракатлардаги иштироки каби омиллар ҳисобга олинадиган мазкур рейтингда 102-ўринни эгаллади.
Таққослаш учун, ушбу рейтингда Қозоғистон 64, Қирғизистон 95, Беларусь 97, Тожикистон 105, Туркманистон 115, Арманистон 118, Озарбайжон 130, Украина 150 ва Россия 154-ўринда қайд этилди.
Изоҳ (0)