Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги магистратура ва докторантурага ҳужжат топширишда сертификат талаби бекор қилингани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Вазирлик хабарида билдирилишича, ижтимоий тармоқларда пезидентнинг 2025 йил 19 июлдаги ПФ–114-сонли фармони нотўғри талқин қилинмоқда. Мазкур фармони билан айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди ва баъзиларининг айрим бандлари ўз кучини йўқотди. Хусусан, президентнинг 2021 йил 19 майдаги қароронинг 6-банди тўртинчи хатбошиси чиқариб ташланди. Ушбу бандда магистратура ва докторантурага ҳужжат топширишда хорижий тил сертификати талабининг илк жорий этилиши назарда тутилган эди.
Ушбу хатбошида шундай дейилган эди:
“2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига танловларда миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этиши тартиби жорий этилсин. Бунда, филология йўналишлари бўйича камида C1 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат, нофилологик йўналишлари бўйича эса B2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат талаб этилиши назарда тутилсин”.
Мана шу банд чиқариб ташланди, яъни ўз кучини йўқотди.
“Бироқ, мазкур норманинг чиқариб ташланиши хорижий тил бўйича сертификатлар талаби бутунлай бекор қилинди дегани эмас”, дейилади вазирлик хабарида.
Сабаби, президентнинг 2024 йил 24 майдаги фармони билан магистратура мутахассисликлари ва олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига қабул қилишда хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификатлар қуйидаги даражаларда талаб этилиши белгиланган:
- хорижий тиллар йўналишлари бўйича — камида C1 даражасида;
- гуманитар, биологик ва турдош фанлар, математика ва статистика, бизнес ва бошқарув, ҳуқуқ, хизмат кўрсатиш, ижтимоий ва хулқ-атворга мансуб фанлар, журналистика ва ахборот, ахборот-коммуникация технологиялари таълим соҳалари бўйича — камида B2 даражасида;
- бошқа таълим соҳалари ҳамда маданият ва спорт мутахассисликлари бўйича — камида B1 даражасида.
Яъни, магистратура ва докторантурага хорижий тил билиш даражасининг янги қоидаси белгиланган.
Шу муносабат билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги президент фармони билан белгиланган хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификатлар талаби ҳозирда ҳам амалда эканини эслатди ва бу борада тарқалаётган нотўғри талқинларга эътибор бермасликни сўради.
Изоҳ (0)