Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги Жанубий Фарғона канали заҳарли кўпикка тўлиб оқаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
“Айтишларича, каналда саноат оқоваси оқизилмоқда экан. Даҳшатли томони, бу сувдан аҳоли истеъмол қилади, экинларини суғоради”, дейилади хабарларда.
“Дарё” мухбири масалага аниқлик киритиш мақсадида вилоят экология бошқармаси матбуот котиби Лочинбек Исомиддинов билан боғланди. Масъулнинг айтишича, ҳолат ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўрганилмоқда.
Бундан хабаримиз бор. Ходимларимиз сувдан намуна олиб келиб, ўрганиш учун лабораторияга берди. Бу кўпиклар “краска” билан боғлиқ эмас. Катта эҳтимол билан, кимдир “порошок” ташлаган ёки тўкиб юборган деган тахминдамиз. Нафақат Хўжаобод, Булоқбоши туманидаги ходимларимиз, балки бошқа ташкилот ва идоралар ҳам канал бўйлаб синчковлик билан ўрганиш ўтказмоқда. Якуний хулоса бўйича батафсил маълумот берилади, дейди Лочинбек Исамуддинов.
“Андижон сув таъминоти” АЖ Telegram-каналида тарқалган хабар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, кўпик табиий равишда ҳосил бўлганини маълум қилди.
“Мурожаатда ушбу манзилда жойлашган саноат зонасидан ажраб чиққан оқова сув каналга оқизилиши натижасида сувда кўпик ҳосил бўлаётгани маълум қилинган эди. Ўрганиш давомида эса ушбу ҳудудда ҳеч қандай саноат зонаси мавжуд эмаслиги аниқланди. Сув юзидаги кўпикнинг ҳосил бўлиши табиий жараён бўлиб, бу сув босимининг тезлиги билан боғлиқ ҳодисадир”, дейилади муносабатда.
Бироқ қисқа муддатдан сўнг муносабат ўчирилиб, кўпик табиий жараён натижасида ҳосил бўлгани ҳақидаги маълумот олиб ташланган ҳолда суратлар билан қайтадан жойлаштирилди.
“Дарё” мухбирининг аниқлашича, ҳолат 26 июль куни соат 9–10 ларда Булоқбоши туманининг Ширмонбулоқ қишлоғи ҳудудида юз берган.
“Соат 9-10 лар атрофида маҳалламиз Telegram гуруҳида ҳамқишлоқларимиз интернетда тарқалган видеоларни юборишди. Шундан сўнг маҳалла раиси каналдаги сувдан фойдаланмасдан туришни, тегишли ташкилотлар ўрганаётганини билдирди. Бу биринчи ҳолат эмас. Ойда йилда бир шунақа бўлади. Охирги маротаба бундан бир-икки ой аввал ҳам каналда рангли нарсалар оқиб келганди. Ҳокимлик ўрганяпмиз, деди. Кейин нима бўлган, билмаймиз. Ўн минглаб аҳолининг ҳаётига хавф солаётган бу ҳолатни кимдир ҳал қилиши керак”, дейди исми сир қолишини сўраган фуқаро.
Кейинроқ ҳолат юзасидан Булоқбоши тумани ҳокимлиги ҳам муносабат билдирди. Маълум қилинишича, жараён Андижон вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган. Ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади.
Май ойи бошида Булоқбоши туманидан оқиб ўтувчи ушбу Жанубий Фарғона канали қирғоғи ўпирилиб, сув тошиб чиққанди. Талафотлар ўрганилганда жами 560 та хонадонни сув босгани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)