“Ўзгидромет” дам олиш кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, 14 декабрь, шанба куни республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, шимолда ёғингарчилик (ёмғир, қор) кузатилади. Тошкент, Сирдарё вилоятларида фақат кечқурун бир оз ёмғир ёғиши мумкин. Сурхондарё вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради.
14 декабрь куни ҳаво ҳарорати кечалари 0-5 даража илиқ, кундуз кунлари 7-12 даража илиқ, баъзи жойларда 15 даражагача илиқ, шимолда 2-7 даража илиқ атрофида бўлади. 15 декабрда Ўзбекистон ҳудудига шимоли-ғарбдан нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Республика ҳудудида ёғингарчилик (ёмғир, қор) кузатилади, баъзи жойларда кучли бўлади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида баъзи жойларда бир оз қор ёғади.
Ҳаво ҳарорати кечаси ва эрталаб 0-5 даража илиқ бўлади, кундузи 3 даража совуққача пасаяди, шимолда кечаси 5-10 даража совуқ, кундузи 2-7 даража совуқ бўлади.
Шамол 7-12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 13-18 метр/секундгача кучаяди, 15—16 декабрда айрим жойларда 20-25 метр/секундгача кучайиши мумкин. 15—16 декабрда йўлларда яхмалак кузатилади. Республиканинг айрим жойларига туман тушиши мумкин.
Тошкентда 14 декабрда кечқурун бир оз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат кечалари 3-5 даража илиқ, кундуз кунлари 10-12 даража илиқ бўлади. 15 декабрда ҳаво булутли бўлади, ёғингарчилик (ёмғир, қор) кузатилади. Шамол тезлиги 10-12 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси ва эрталаб 1-3 даража илиқ бўлади, кундузи 1-3 даража совуққача пасаяди. 16—17 декабрь кунлари ҳаво ҳарорати кечалари 8-13 даража совуққача, баъзи жойларда 15 даража совуққача, кундуз кунлари 0-5 даража совуққача пасайиши кутилмоқда.
“Ўзгидромет” якшанба куни Ўзбекистон ҳудудига яна совуқ ҳаво массалари кириб келиши кутилаётганини, ҳаво ҳарорати кескин пасайишини аввалроқ маълум қилганди. Прогнозларга кўра, Ўзбекистонда келаси ҳафта бошида ҳаво ҳарорати 17 даражагача совуқ бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)