Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Дональд Трампдан Ғазо инсонпарварлик ёрдам марказлари атрофида содир бўлаётган отишмаларни тўхтатишда ёрдам сўради.

Эрдўғон америкалик ҳамкасби билан бу ҳақда Нидерландияда бўлиб ўтган НАТО саммитида гаплашган.
“Мен унга шундай дедим: Бу жараённи энг яхши бошқара оладиган сизсиз. Одамлар, айниқса, озиқ-овқат навбатида туриб ўлдирилмоқда. Сиз бу ерда аралашишингиз керак,” дея қайд этган Эрдўғон.
БМТ маълумотларига кўра, Ғазо секторида ёрдам марказларидан озиқ-овқат олиш учун келган фаластинликлар ўққа тутилиши натижасида 700 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Исроил март ойидан бошлаб Ғазони тўлиқ блокадага олди. Яҳудий давлати гуманитар юкларни АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ғазо инсонпарварлик жамғармаси” орқали етказишни бошлади. Бироқ ёрдам олиш учун келган тинч аҳоли ўққа тутилмоқда.
Исроил армияси ўзига ёғдирилган танқидларни рад этиб, тинч аҳоли ўлимида ҲАМАСни айблади. Жамғарма эса тинч аҳоли ҳалок бўлгани ҳақидаги фактларни инкор этмоқда.
Изоҳ (0)