Нью Йорк федерал суди демократ сенатор Роберт Менендезни коррупцияда айбдор деб топди. У 222 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши кутилмоқда. Менендез Яқин Шарқ давлатлари вакилларидан пора олишдан ташқари, Марказий Осиёдаги сиёсатга ҳам таъсир ўтказишга уринган.
2024 йил 16 июлдаги ҳукм товламачилик, Миср ва Қатар ҳукуматлари фойдасига пора олиш, шунингдек, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилиш айбловларини ўз ичига олади. The Times of Central Asia газетасининг хабар беришича, Роберт Менендез “хорижий агент” сифатида айбланган биринчи АҚШ сенатори бўлиб, барча айбловлар жами 222 йиллик қамоқ жазосига олиб келиши мумкин.
Порахўрлик сифатида Менендез 100 минг доллардан ортиқ қуйма олтин, 480 минг доллардан ортиқ нақд пул, шунингдек, рафиқаси учун Mercedes-Benz олгани исбот қилиб кўрсатилган.
Бундан ташқари, федерал прокуратура маълумотларига кўра, у миллионлаб доллар эвазига АҚШнинг Мисрга ёрдамини таъминлаган ва ўз офисидан Қатар жамғармаси билан кўп миллион долларлик битим тузишда фойдаланган. Маълум қилинишича, Миср разведкаси вакиллари ва Миср ҳарбий амалдорлари мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши сабабли АҚШ ҳарбий ёрдами тўхтатилиши мумкин бўлган пайтда Менендез ва унинг рафиқасига пора берган.
Суд жараёнида илгари сурилган айбловларга кўра, сенатор ўзининг расмий мавқеидан фойдаланиб, турли тўловлар эвазига одамларни “ҳимоя қилиш ва бойитиш”, жумладан, Нью Жерси штатидаги тадбиркорга АҚШдан Мисрга гўшт экспорт қилишда “ҳалол сертификати”ни олишда бевосита ёрдам берган .
Сенатор Менендезнинг ташқи сиёсатдаги устувор йўналишлари
Амалдорлар ўз ваколатларидан ташқи манфаатларни илгари суриш учун фойдалангани аниқланса, уларнинг сиёсий фаолиятини янада чуқурроқ ўрганиш зарур бўлади. Сенатор фақат ўз манфаатини кўзлаб ҳаракат қилганми ёки у муҳим глобал масалаларни кўтаришга уринганми?
Роберт Менендез 1993 йилдан бери АҚШ Конгресси аъзоси бўлган, 2013—2015 ва 2021—2023 йилларда Сенатнинг ташқи алоқалар қўмитасига раислик қилган. Раис сифатида АҚШ ташқи сиёсатини шакллантириш, қонунчилик, халқаро шартномалар ва дипломатик масалаларни назорат қилишда муҳим рол ўйнаган. Бу позиция унга сиёсий мунозаралар кун тартибини белгилаш ва ташқи сиёсат стратегияларига таъсир ўтказиш имконини берган.
Таъкидланишича, Менендез Яқин Шарқдаги авторитар бошқарув режимларини доимо қоралаб келган. Бошқа томондан, федерал айбловлар орасида Қатардан пора олиш ва Қатар қироллик оиласи аъзоси билан учрашув ташкил қилиш учун АҚШ президенти идорасидан фойдаланиш ҳам борлиги инобатга олинса, сенатор Қатарга ҳар тарафлама ижобий ён босган. Judicial Watch ташкилоти аввалроқ “Катаргейт” коррупция можароси АҚШга сиёсий арбобларнинг бевосита иштироки билан етиб келгани, Менендезни “Катаргейт нишонига” тушгани ҳақида ёзган эди.
Катергейт — Европа Иттифоқининг айрим расмийлари ва Қатарнинг ҳукумат амалдорлари ўртасидаги порахўрлик, коррупция ва таъсирни сотиб олиш билан боғлиқ можаро.
Менендез Арманистоннинг ҳам кучли тарафдори бўлиб, унинг рақиблари, яъни Озарбайжон ва Туркияга қарши турган. 2023 йил 21 сентябрда Озарбайжон ҳукуматига ёрдам кўрсатишни тақиқловчи қонун лойиҳасининг шахсан ташаббускори бўлиб, Арманистонга хориждан ҳарбий маблағларни жалб этишга рухсат берган.
2023 йил 13 ноябрда АҚШ Сенатида Арманистондаги гуманитар инқироз юзасидан сўзга чиққан Роберт Менендез қатнашчиларни “ёмон ниятли ўйинчилар” — Туркия, Хитой, Россия ва Эрон таъсиридан огоҳликка чақирди.
Нега Менендез иши Марказий Осиё ҳам учун долзарб?
Тhе Times оf Central Asia газетасининг ёзишича, собиқ сенатор Роберт Менендезнинг минтақа давлатларига нисбатан кўплаб танқид ва қоралашлари АҚШ ҳукумат идораларининг расмий йўналишига тўғри келган. Бошқа томондан, ҳукмдан кейин унинг сиёсий фаолияти, жумладан, Марказий Осиё давлатлари манфаатларини ифодаловчи шахслар билан учрашув ва ёзишмаларга оид саволлар туғила бошлади.
Нашр Менендезнинг Марказий Осиё давлатларига таъсир кўрсатган асосий сиёсий ҳаракатларининг хронологиясини тақдим этади:
- 2019 йил 29 июль куни Менендез Қозоғистон президентига кўп миллиардлик банк фирибгарлигига алоқадорликда айбланган маҳбус Мухтор Аблязовни озод қилишни сўраб ёзган мактубда ҳаммуаллифлик қилган. Аблязов Буюк Британияда эса бир вақтнинг ўзида учта 22 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши кутилмоқда. Унга қарши Британия ва АҚШда бошқа суд қарорлари ҳам бор, пораларнинг умумий суммаси эса 5 миллиард доллардан ошади. АҚШ сенаторларининг мактуби қочқин собиқ банкирнинг имижига таъсир кўрсатибгина қолмай, сенаторнинг дунё миқёсидаги ўрнини мустаҳкамлади.
- 2022 йил 7 май ва 29 июнь 2020 йил Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари сенатор Роберт Менендез ва бошқа сенаторлардан тинч фаолияти учун жавобгарликка тортилган, COVID-19 юқиши хавфи юқори бўлган, ушлаб турилган ва қамоққа олинган шахсларни “озод қилиш” сўралган хатлар олган. Ҳар бир мактубда бирдан уч нафаргача маҳбуслар исми кўрсатилган ва улар нега озод қилиниши кераклиги ҳақида сабаблар келтирилган.
- 2021 йил 6 декабрь куни Менендез ва яна беш сенатор АҚШ давлат котибини “Ўзбекистон билан бўлажак стратегик шериклик мулоқотида инсон ҳуқуқлари кун тартибининг асосий банди бўлишини таъминлашга” чақирган. Сенаторлар Ўзбекистон “дунёдаги энг репрессив давлатлардан бири” бўлиб қолаётганини даъво қилган.
- 2022 йил 7 октябрда Менендез ва яна уч сенатор АҚШ давлат котибидан Қозоғистон хавфсизлик кучларининг 2022 йил январь воқеалари пайтидаги ҳаракатларини текшириш учун БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши (BMТHRC) ёки ЕХҲТ бошчилигида халқаро тергов механизмини яратишни талаб қилган. Мактубда Менендез ва бошқа сенаторлар ҳам АҚШнинг Қозоғистонга хавфсизлик бўйича ёрдамини қайта кўриб чиқишни сўраган.
- 2022 йил 22 ноябрь куни Менендез ва бошқа сенаторлар Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга мактуб йўллаб, унда “журналистларга нисбатан зўравонлик таъқиблари авж олгани, ҳукумат сўз ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилмаётганидан хавотирда” эканини ҳамда “Озодлик радиоси” бўлимида “Озоди радиоси” журналистлари аккредитациядан ўтгани учун миннатдорлик билдирган.
- 2023 йил 8 август куни Менендез Қирғизистон президенти Садир Жапаровга Россия ёки унинг ишончли вакилларига халқаро санкциялардан қочишга ёрдам берганлик айбловини қайта текширишни сўраб мактуб йўллади.
У мамлакатни “демократик орқага чекиниш ва инсон ҳуқуқларининг кенг миқёсда бузилиши” туфайли танқид қилди ва президентни “мустақил оммавий ахборот воситалари ва журналистларга қўйилган барча чекловларни бекор қилишга, шунингдек, қамоқдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини озод қилишга ва уюшмалар эркинлиги каби асосий эркинликларни чекловчи чораларни тўхтатишга чақирди”.
Жамоатчилик ҳушёр бўлиб қолиши керак
“Агар Роберт Менендезга нисбатан айблов ҳукми, агар у чет эл манфаатлари — хоҳ у ҳукумат бўлсин, хоҳ алоҳида шахслар бўлсин — кўрсатмаси билан ҳаракат қилган бошқа ҳолатлар аниқланса, бу айсбергнинг учигина бўлиши мумкин”, деб ёзади Тhе Times оf Central Asia.
Нашр, шунингдек, америкалик сенаторларга хорижий ҳукуматлар номидан ишловчи лоббичилар билан учрашиш ва чет эллик бўлмаган донорлардан сайловолди кампанияси учун хайрия олишига рухсат этилган бўлса-да, уларга пора эвазига хизмат кўрсатиш учун ўз расмий мавқеидан фойдаланиш тақиқланганини таъкидлади.
Изоҳ (0)