Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Халқаро бокс ассоциациясини (IBA) тан олишни бекор қилди. Бу ҳақда ХОҚ сайтида хабар берилган.
Овоз беришда 70 киши қатнашди. Улардан 69 таси ташкилотни тан олишни бекор қилишни ёқлаб овоз берди. Шунингдек, улар боксни 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари дастурида сақлаб қолиш тарафдори бўлди.
7 июнь куни ХОҚ IBA’нинг тан олинишини бекор қилишни тавсия қилди. Бунга жавобан Халқаро бокс ассоциацияси CAS (Court of Arbitration for Sport — Спорт арбитраж суди)га апелляция берди, бироқ қарор ўз кучида қолди.
“IBA тан олиниш ҳуқуқидан маҳрум қилингани бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, деди “ТАСС” манбаси.
2019 йилда Халқаро Олимпия қўмитаси ташкилотдаги молиявий ва бошқарув инқирози туфайли IBA’ни тан олишдан вақтинчалик воз кечди. ХОҚ халқаро федерациядан ислоҳотлар ўтказишни талаб қилди. IBA Токио Олимпиадасида бокс бўйича турнирни ташкил этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган эди.
2020 йил охиридан бошлаб IBA’ни россиялик Умар Кремлёв бошқариб келмоқда. Уюшма Россия ва Беларусь спортчиларини мусобақаларда қатнашиш имкониятидан маҳрум қилмади. Шундан сўнг АҚШ, Буюк Британия, Швеция, Швейцария, Германия, Нидерландия ва Филиппин бокс федерациялари норозилик сифатида IBA’га аъзоликдан чиқди.
Изоҳ (0)