Либерия президенти Жозеф Боакаи ўз маошини 40 фоизга қисқартириш тўғрисида буйруқ берди. Бу ҳақда президент идораси тарқатган хабарга асосланиб, BBC нашри маълум қилди.
Манбада айтилишича, президент Жосеф идораси “масъулиятли бошқарув” учун намуна яратиш тадбирлари доирасида ҳукумат, хусусан, президент маошини ҳам тартибга солишни бошлаган. Ушбу тадбир воситасида халқ билан бирдамликка эришиш мақсад қилинган.
Либерияда сўнгги пайтларда яшаш нархлари ошиши ва юқори инфлация оқибатида аҳоли норозилиги кучайган. Ҳукумат ишчилар маошларини қаттиқ назорат остида ушлаб, уларни ошириш борасидаги талабларни рад этиб келмоқда.
Президент Жозеф Боакаига кўра, унинг давлат томонидан тайинланган маоши 13 400 долларни ташкил этади. 40 фоизга қисқариш ортидан эса президент эндиликда ойига 8000 доллар атрофида пул олади.
Мамлакатнинг олдинги президенти Жорж Веа ҳам ваколат даврида ўз маошининг 25 фоизидан воз кечган эди. Президент бу ҳаракатни тежамкор бюджет шакллантиришга ундаш талаби билан амалга оширгани айтилади.
Амалдаги президент Жосеф Боакаининг ўз маошини қисқартириш қарори мамлакат аҳолисининг кўпчилиги томонидан илиқ кутиб олинган бўлса-да, бир гуруҳ фуқаролар бунга шубҳа билдиришган. Бу тадбир шунчаки аҳоли норозилиги олдини олиш учун ўйлаб топилган “кичик қурбонлик” экани айтилган.
Расмий маълумотларга кўра, Либерия президенти девонининг йиллик бюджети 3 миллион долларни ташкил этади. Президент оиласи учун ажратиладиган алоҳида маблағ миқдори эса ошкор қилинмайди. Бундан ташқари президент оиласи катта миқдордаги тиббий суғурта имтиёзларига ҳам эга.
- Маълумот ўрнида, Либерия Ғарбий Африкадаги энг кам даромадли мамлакатлардан бири ҳисобланади.
- Мамлакатда ҳар беш фуқародан бири кунига 2 доллардан кам даромад ҳисобига яшайди.
- Мамлакат раҳбариятида эса коррупция ва давлат мулкини ўмариш даражаси ниҳоятда юқори эканлиги айтилади.
Изоҳ (0)